Беруний туманини ҳар томонлама ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев раҳбарлигида Беруний туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, давлат дастурлари доирасида белгиланган вазифалар, амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар ҳамда аввалги мажлисда берилган топшириқлар ижросига бағишланган мажлис ўтказилди.
Мажлисда дастлаб, аҳолининг қўшимча даромад олишига кўмаклашиш, фаровон турмушини таъминлаш йўналишида ҳурматли Президентимиз томонидан яратиб берилган имтиёзлар ҳақида кенг тарзда сўз юритилди. Шунингдек, ишсиз фуқаролар, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар, ёшлар бандлигини таъминлаш борасида берилган имтиёзлар ҳақида маълумот берилди.
Шундан сўнг аввалги мажлис даврида белгиланган топшириқларнинг бугунги кундаги ижроси, маҳаллаларни ободонлаштириш, давлат дастурлари доирасида лойиҳаларни амалга ошириш, янги корхоналар фаолиятини ташкил этиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, камбағалликни қисқартириш, фуқаролар турмуш даражасини яхшилаш борасидаги вазифалар ижроси масалалари танқидий кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, фуқароларнинг қўшимча даромад олишига кўмаклашиш, ёшлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, корхоналар фаолиятига яқиндан кўмаклашиш ва бошқа топшириқларнинг ижроси масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Мажлисда ўз вазифасини бажаришда хато ва камчиликларга йўл қўйган айрим масъуллар лавозимидан озод этилди. Бир гуруҳ раҳбар ва мутасаддиларга интизомий жазо қўллаш, зарур бўлса, лавозимига лойиқлиги масаласини кўриб чиқиш бўйича топшириқлар берилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги