Жадидлар –тарих эмас, сабоқ

«Умуман, биз жадидчилик ҳаракати, маърифатпарвар боболаримиз меросини чуқур ўрганишимиз керак. Бу маънавий хазинани қанча кўп ўргансак, бугунги кунда ҳам бизни ташвишга солаётган жуда кўп саволларга тўғри жавоб топамиз. Бу бебаҳо бойликни қанча фаол тарғиб қилсак, халқимиз, айниқса, ёшларимиз бугунги тинч ва эркин ҳаётнинг қадрини англаб етади.»
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, жадидлар фаолиятини аҳолига фаол тарғиб қилишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни ниҳоятда муҳим. Жадидлар фаолияти, жадидчилик ҳаракати ҳақида адабиёт дарсликларининг бирор саҳифасида ҳам сўз юритилмаган. Бизлар улар ҳақида фақат тарих китобларидан маълумот олишимиз мумкин эди. Аммо Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейин журналистлар жадидлар фаолиятининг ўзига хос хусусиятларини ёритиш билан бирга, XX аср жадид матбуоти ҳақида маълумотлар бериб, жадидлар ғояларини тадқиқ этиб бошлади.
Жадидлар фаолияти ва ижодий маҳоратини ўрганиш ёш журналист ва ижодкорлар учун ўзига хос мактаб вазифасини ўташи билан бир қаторда, у тайёрлаган материал орқали ўқувчи ҳам маълумотга эга бўлади. Шу маънода жадидларнинг публицистик ижодини ўрганишга эҳтиёж бор. Миллий матбуот пайдо бўлганидан буён жадидлар халқнинг онгини ўстиришга, ҳақиқий сиёсий вазиятни тушунтиришга жон-жаҳди билан ҳаракат қилиб, турли газета ва журналларда чиқишлар қилган.
Миллатимиз алломалари бўлган жадид боболаримизни қанча чуқур ўргансак, шунча оз. Лекин бугун бу борада қилинаётган ишлар қанчалик етарли ва холис? Бугунги кун журналистлари жадидлар фаолиятини медиада ёритишда қай даражада фаол бўлдилар? Аввало жадид сўзига тўхталиб ўтсак. Сўнгги нашр этилган ўзбек тилининг изоҳли луғати бўйича Жадид-арабча сўздан олинган бўлиб, «янги»; «аввалги,» «сўнгги» таржимаси – янгилик тарафдори, жадидчилик ҳаракатининг иштирокчиси деган маъноларни билдиради.
Аудитория жадидлар фаолияти, ижоди ҳақида журналистлар томонидан тайёрланган ёки тарихчи, адабиётшуноснинг медиада берилган мақолалари орқали кенг тушунча ва маълумотларга эга бўлмоқда. Албатта, тарихчи ёзган мақола билан адабиётшунос ёзган мақоланинг фарқи йўқ деб айта олмаймиз. Бу ерда журналистлар ҳам жадидларни ўрганиш орқали уларники каби «осон сингадиган» сўзларни қўллаш кўникмасини ошириши мақсадга мувофиқ. Жадидларнинг публицистик асарлари тили халқона, содда тарзда ёзилган. Унда тайёр шаблон сўзлардан фойдаланилмаган. Балки шунинг учун ҳам одамлар газета, журналларни кўплаб қизиқиб ўқишган ва тушунишган. Бугунги кунда ҳам журналистлар медиада жадидлар ҳақида ёзилган мақолаларни жадидона услубда ёзиб халққа совға қилса, анча ўқимишли бўлади.
Сурайё Эркинова, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети магистранти
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги