Баҳор, гўзаллик, вафо куйчиси

6

1-март – Зульфияхоним таваллуд куни

Баҳорнинг илк кунларида, табиат уйғониб, борлиққа яшиллик инган паллада ўзбек халқи ўзининг севимли шоираси — Зульфияхонимни ёдга олади. У шунчаки ижодкор эмас, балки ўзбек аёлининг нафосати, садоқати ва матонатини ўзида мужассам этган юксак маънавият тимсолидир.

Зульфияхоним 1915 йилнинг 1 мартида, айнан баҳор элчилари келган кунда дунёга келди. Шоиранинг бутун ижоди ҳам худди шу фаслдай мусаффо ва умидбахш. Унинг сатрларида нафақат табиатнинг гўзаллиги, балки инсон қалбининг энг нозик тебранишлари акс этган. Унинг шеърияти — тонгдаги шабнамдек тиниқ, тоғ ирмоқларидек жарангдор.

Зульфия деганда кўз олдимизда энг аввало садоқат гавдаланади. Унинг таниқли адиб Ҳамид Олимжон билан кечган қисқа, аммо мазмунли ҳаёти ҳақиқий муҳаббат достонидир. Тақдирнинг бевақт ҳукми билан Ҳамид Олимжон оламдан ўтгач, Зульфияхоним ўз умрини унга бўлган чексиз эҳтиром ва ижодга бағишлади.

 «Ҳижронинг қалбимда, созинг қўлимда,

  Ҳаётни куйлайман, чекинар алам,

Тунлар тушимдасан, кундуз ёдимда,.

 Мен ҳаёт эканман, ҳаётсан сен ҳам! «

Бу сатрлар шунчаки шеър эмас, балки суюкли ёрига берилган умрбодлик ваъда эди. У бева аёлнинг эмас, балки мағрур ва вафодор сиймонинг овози бўлиб янгради.

Зульфияхонимнинг ижоди ўзбек аёлининг ички дунёсини кашф этди. У аёл қалбидаги нозик туйғуларни, оналик меҳрини ва Ватанга бўлган чексиз муҳаббатни куйлади. Унинг шеърларида аёл — заиф хилқат эмас, балки ҳаётнинг оғир синовларини матонат билан енгадиган, оила ва жамиятнинг таянчи бўлган улуғ зот сифатида гавдаланади.

Шоиранинг «Мушоира», «Ҳажрингда», «Ўғлим, сира бўлмайди уруш» каби асарлари жаҳон адабиёти дурдоналари қаторидан жой олди. У халқаро минбарларда туриб, тинчлик ва дўстликни, инсонийликни баралла куйлади.

У шунчаки шоира эмас, балки бутун бошли ижод мактабига асос солган улуғ устоздир. Унинг ижодхонаси ва қалб даргоҳи юзлаб ёш истеъдодлар учун илҳом ва билим манбаи бўлиб хизмат қилди. Ўттиз йилдан ортиқ вақт давомида «Саодат» (собиқ «Ўзбекистон хотин-қизлари») журналига раҳбарлик қилди. Бу йиллар давомида журнал чинакам адабий лабораторияга айланди. У ҳар бир қўлёзмани синчиклаб ўқир, ёш қизларнинг шеърларидаги миттигина учқунни ҳам пайқаб, уни аланга олдиришга ҳаракат қиларди. Унинг қўлида Ҳалима Худойбердиева, Ойдин Ҳожиева каби ўзбек шеъриятининг забардаст вакиллари камол топди.

Устоз сифатида у шоира қизларга фақат вазн ва қофияни эмас, балки сўзга бўлган муқаддас масъулиятни ўргатди. «Шеър шунчаки сўзлар йиғиндиси эмас, у қалбнинг титраши бўлиши керак» деган тамойил унинг асосий ўгити эди. Бугунги кунда Зульфияхонимнинг устозлик анъаналари давлат миқёсида давом этмоқда. Унинг номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланаётган ҳар бир қиз ўзини шоиранинг маънавий фарзанди ва шогирди деб билади. Бу — дунё адабиётида кам учрайдиган ҳодиса: бир ижодкорнинг номи бутун бошли иқтидорли авлодни бирлаштирувчи байроққа айланди. Унинг мероси фақат китобларда эмас, балки бугунги кунда қалам тебратаётган, юртимиз довруғини дунёга танитаётган минглаб «Зульфияхоним издошлари»нинг ютуқларида яшамоқда.

Ўзбек аёлининг қалб меъмори, иффат ва матонат тимсоли бўлган шоиранинг ҳаёти ва ижоди асрлар давомида миллионлаб аёллар учун маънавий суянч бўлиб хизмат қила беради.

М.Игиликова,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги