Қонликўлда ҳам раҳбар ва ёшлар учрашуви ўтказилди

Бугун Қонликўл тумани ҳокими Б.Султонов, прокурор М.Тилеўмуратов, ИИБ бошлиғи У.Хусайновлар туманнинг фаол ёшлари билан учрашди.
Учрашувда Президентимиз томонидан ёшлар билан мулоқотда белгиланган вазифалар кенг муҳокама қилинди.
Ёшлар билан мулоқотда ўтган йили ёшлар бандлигини таъминлаш учун банклар ва Ёшлар ишлари агентлигига 400 миллион доллар йўналтирилгани, «Ёшлар бизнеси» ва «Келажакка қадам» дастурлари ҳисобидан 15 минг нафар ёш ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиб, 50 минг кишини иш билан таъминлагани қайд этилди.
Бу ишларнинг давоми сифатида ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун қўшимча 200 миллион доллар ажратилиши эълон қилинди.
Бунда молиялаштириш имкониятлари кенгайтирилади: ўзини ўзи банд қилган ёшлар учун кредит миқдори 100 миллион сўмдан 300 миллион сўмгача оширилади. Ёш тадбиркорларнинг лойиҳалари учун 10 миллиард сўмгача кредит ажратиш мумкин бўлади. Инновацион стартап лойиҳаларига 100 минг долларгача инвестиция киритишга рухсат берилади. Хизмат кўрсатиш ва умумий овқатланиш соҳасида 1 мингдан ортиқ иш ўрни яратган маҳаллий брендлардан франшиза олиб, филиал очишга қизиққан ёшлар учун қулай молиялаштириш пакетлари жорий этилади.

Учрашувда ёшларни тадбиркорликка жалб этиш, уларни қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш, таълим ва инновацион ғояларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, ёшлар томонидан билдирилган муаммоларни жойида ҳал этиш бўйича мутасаддиларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги