Халқ билан очиқ мулоқот – муаммолар ечими сари муҳим қадам

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Ахмед Реймов халқ билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, фуқароларни қийнаётган масалаларни жойида ўрганиш ва уларнинг таклиф ва ташаббусларини эшитиш мақсадида, ўзи сайланган округда жойлашган Нукус шаҳридаги Гузар маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси билан учрашув ўтказди.
Учрашувда ҳудуд аҳолиси, маҳалла фаоллари ва нуронийлар иштирок этди.
Унда депутат Аҳмед Реймов мамлакатимизда, айниқса, Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, жумладан, таълим, соғлиқни сақлаш, йўл ва инфратузилмани ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтди. Шунингдек, давлатимиз томонидан қабул қилинган қонунлар ва ҳудуд аҳолиси манфаати учун жорий этилган ислоҳотларнинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди.
Шундан сўнг, у фуқаролар билан суҳбатлашиб, уларнинг кундалик ҳаётида учраётган муаммолар, ҳудуд инфратузилмасини ривожлантириш, бандликни таъминлаш, ижтимоий ҳимоя, коммунал хизматлар сифати, йўл ва ободонлаштириш масалалари бўйича мурожаатларини тинглади.
Депутат ўз сўзида фуқаролар мурожаатлари халқ вакиллик органлари фаолиятининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлаб, ҳар бир мурожаат қонунчилик доирасида ўрганилиб, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда амалий чоралар кўрилишини билдирди. Шунингдек, муаммоларни ҳал этишда тизимли ёндашув муҳимлиги, айрим масалалар қисқа муддатда, баъзилари эса босқичма-босқич амалга оширилиши зарурлигига тўхталди.

Тадбир якунида депутат Рамазон ойи муносабати билан ҳудудда яшовчи айрим эҳтиёжманд оилаларга озиқ-овқат маҳсулотларини хайрия совғаси сифатида топширди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси