Ёшлар муаммолари раҳбар эътиборида

Кўксарой қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар билан мулоқоти бўлиб ўтиб, унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги студиялар орқали 60 мингдан зиёд ёшлар вакиллари иштирок этди.
Мулоқотда мамлакатимизда 22 миллиондан зиёд ёш катта иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий куч экани алоҳида таъкидланди. Йиғилишда раҳбарлар олдига ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш, стартап ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларни ишли ва даромадли қилиш бўйича аниқ вазифалар қўйилди.
Ушбу селектор йиғилишидан келиб чиқиб, бугун Мўйноқ тумани ҳокими Б.Менглибеков, туман прокурори М.Оразбаев ва туман Ички ишлар бўлими бошлиғи Ж.Юсуповлар Тик озек маҳалласи ёшлари билан учрашув ўтказди.
Унда ёшлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка жалб этиш, касб-ҳунар ва хорижий тилларни ўрганиши учун яратилаётган имкониятлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Жорий йилдан «Келажак тадбиркорлари» дастури ишга туширилиб, ёш тадбиркорларга 7 йил муддатгача 15 фоизлик кредит ажратиш йўлга қўйилади. Хусусан, ўзини ўзи банд қилган ёшларга гаровсиз 20 миллион сўмгача, тадбиркорлик кўникмасига эга бўлиб бизнес бошлаётганларга 300 миллион сўмгача, фаолиятини кенгайтирмоқчи бўлганларга 2 миллиард сўмгача, камида 5 нафар битирувчини ишга олган тадбиркорларга эса 10 миллиард сўмгача кредит берилиши белгиланди.
Ҳар бир ҳудудда тадбиркорликка ўқитиш, ғояни бизнесга айлантириш, бухгалтерия, банк, маркетинг, ички ва ташқи бозорларга чиқиш бўйича комплекс хизмат кўрсатадиган «Ёшлар бизнес инкубатори» ташкил этилади.
Жорий йил 1 мартдан янги иш бошлаётган ёш тадбиркорларга инфратузилмага уланиш билан боғлиқ давлат хизматлари харажатлари Ёшлар тадбиркорлиги жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилади.

Учрашув давомида ёшларнинг фикр-мулоҳазалари тингланиб, уларни қийнаб келаётган масалалар юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди. Ҳар бир йигит-қизни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ғоя ва лойиҳаларини рўёбга чиқариш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида ҳамкорликни кучайтириш бўйича келишиб олинди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги