Илм-фан ва инновация йўлида янги ютуқлар

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Нукус филиалида республикамизда фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари ходимлари учун матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда филиалнинг илмий ва инновацион масалалар бўйича проректори, педагогика фанлари доктори, профессор Ислом Мамбетназаров сўнгги йилларда ушбу ўқув юртида илмий-тадқиқот ва инновацион лойиҳалар йўналишида олиб борилаётган ишлар ҳақида кенг тарзда сўзлаб берди.
– Бугунги кунда филиалимизда 88 нафар профессор-ўқитувчилар талабаларга таълим-тарбия бермоқда, – деди у ўз сўзида. – Шу жумладан, илмий даража ва унвонларга эга профессор-ўқитувчилар сони 39 нафар ва илмий салоҳият 44,3 фоизни ташкил этади. Жорий йилда 10 нафар мустақил изланувчи докторлик диссертацияларини ҳимоя қилди. Шундан 3 нафари фан доктори (DSc), 7 нафари фалсафа доктори (PhD) дипломларини олишга эришди.
Шунингдек, филиалда 2025 йилнинг 25 апрель куни «Спорт турлари назарияси ва амалиёти: муаммолар ва ечимлар,» 13-14 ноябрь кунлари «Ёзги Олимпия ва паралимпия ўйинларига спортчиларни тайёрлашнинг долзарб муаммолари ва ечимлари» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилган ҳолда юқори илмий даражада ўтказилди. Шу билан бирга, илмга қизиқувчи талабаларни илмий мақола ёзиш ва тадқиқот қилишга ўргатиш мақсадида, «Спортда инновация» тўгараги ташкил этилиб, унга 157 нафар талаба жалб этилди ва уларга илмий раҳбар сифатида профессор-ўқитувчилар бириктирилди. Ушбу талабалардан бир гуруҳи 2025 йилнинг 10 сентябрь куни Нукус давлат техника университетида ўтказилган «InnoWeek-2025» илмий ишлар ва инновацион маҳсулотлар кўргазмасига ўзларининг лойиҳалари ва прототиплари билан қатнашди.
Бўлим томонидан талабалар ўртасида «Жисмоний тарбия ва олимпия ҳаракати тарихи» фанидан-фанлар олимпиадаси ўтказилиб, унда 200 нафардан ортиқ ёшлар иштирок этди ва энг юқори натижа кўрсатган 3 нафар талаба махсус сертификат, пул мукофотлари билан тақдирланди.
Шу билан бир қаторда филиални талабалар ўртасида «Энг яхши илмий мақолалар,» «Энг яхши ёш олим» ва «Энг яхши илмий, амалий ва стартап лойиҳалар» танловлари ўтказилиб, танлов ғолиблари бўлим томонидан муносиб рағбатлантирилди.
Филиалнинг велоспорт йўналиши 4-курс талабаси Д.Акманованинг Президент стипендияси, бадиий гимнастика йўналиши 4-курс талабаси Н.Бахаватдинованинг И.Юсупов номидаги, қўл тўпи йўналиши 4-курс талабаси А.Дарябоеванинг И.Каримов номидаги, бадиий гимнастика йўналиши 3-курс талабалари М.Хўжамбергенова ва А.Парахатоваларнинг Т.Қайипбергенов ва Паҳлавон Маҳмуд номидаги давлат стипендиялари билан ғолиб бўлиши филиалда олиб борилаётган ишларнинг яққол натижасидир.
Шу билан бирга, филиалимиз хорижда жойлашган Россия, Хитой, Туркия, Қозоғистон, Жанубий Корея, Беларус, Қирғиз Республикалари университетлари билан ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз.
Ўтказилган тадбир давомида журналистлар томонидан филиал раҳбарларига бу борада кенг жамоатчиликни қизиқтириб келаётган масалалар бўйича саволлар берилиб, , уларга жавоблар олди.

Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси