Битирувчи талабаларнинг бандлиги бўйича учрашув ўтказилди

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги «Олий таълим муассасалари битирувчиларининг ишга жойлашишига кўмаклашиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси, шунингдек, «Келажакка қадам» дастури доирасида битирувчи курс талабаларининг бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентида ёшлар тадбиркорлиги, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси раиси, «RBG COMPANY» МЧЖ раиси Б.Раджабов ва «Келажакка қадам» маркази лойиҳа менежери А.Балтабаевлар иштирок этди.
Учрашув давомида университетнинг ўқув ишлари бўйича проректори О.Дуйсенбаев сўзга чиқиб, давлат раҳбарининг тегишли қарорлари ижроси доирасида ёшларни замонавий касб-ҳунарларга йўналтириш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва битирувчиларни меҳнат бозори талабларига мос, рақобатбардош мутахассис сифатида тайёрлаш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди.
Шунингдек, талаба-ёшлар учун ишлаб чиқариш корхоналари ва ташкилотларда ҳақ тўланадиган амалиётларни ташкил этиш, амалий кўникмаларни мустаҳкамлаш ва ўқув жараёнидаёқ касбий малакасини ошириш имкониятлари яратилаётгани ҳақида батафсил маълумот берди.

Тадбир давомида меҳмонлар томонидан ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш, стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, битирувчиларни иш билан таъминлаш механизмларини такомиллаштириш ҳамда «Келажакка қадам» дастури доирасида яратилаётган имкониятлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Талаба-ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги