Ўзбекистон ва Озарбайжон: нефть-газ соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда

15

 

Нефть-газ тармоғида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, ишлаб чиқариш жараёнларини модернизация қилиш ва илғор технологик ечимларни жорий этишга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда. Бу жараёнда “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳамда “SOCAR” компанияси ўртасидаги ўзаро мулоқот ва амалий ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этади.

Мазкур ишлар доирасида жамият раҳбарияти “SOCAR” компаниясининг шўъба тузилмалари – “SOCAR Trading” ҳамда “SOCAR Downstream Management” вакиллари билан учрашув ўтказди.

Суҳбат давомида икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликнинг мустаҳкамланиб бораётгани, унинг юқори даражада қўллаб-қувватланаётгани алоҳида таъкидланди. Хусусан, икки мамлакат раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев раҳнамолигидаги сиёсий мулоқот иқтисодий алоқалар, жумладан, нефть-газ соҳасидаги ҳамкорликни янада фаоллаштиришга хизмат қилаётгани қайд этилди.

Учрашув чоғида “SOCAR” вакиллари “Ўзбекнефтгаз” АЖ билан ҳамкорликда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи фаолияти самарадорлигини ошириш, ишлаб чиқаришни оптималлаштириш ва замонавий операцион технологияларни жорий этиш йўналишларида ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканликларини билдирди. Шунингдек, рақамли бошқарув ечимларини татбиқ этиш, технологик жараёнларни такомиллаштириш ҳамда энергетик самарадорликни оширишга қаратилган қатор таклифлар муҳокама қилинди.

Жамият ахборот хизматига кўра, учрашув сўнггида томонлар амалий ҳамкорликни изчил давом эттириш, қўшма ташаббусларни босқичма-босқич амалга ошириш ва истиқболли лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришди. Шу билан бирга, техник аудит ўтказиш ва унинг натижалари асосида кейинги қадамларни белгилаш мақсадида Озарбайжон томони ишчи гуруҳининг корхонага ташрифини ташкил этишга келишиб олинди.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА