“Turkish Airlines” билан ҳамкорлик кенгаймоқда
Туризм қўмитаси раиси ўринбосари Санжар Тожиев “Turkish Airlines” авиакомпаниясининг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Ҳусейн Гузел билан учрашди.
Музокаралар давомида Туркия миллий авиакомпанияси вакилларига мамлакатимизда туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шу жумладан инфратузилмани ривожлантириш, транспорт-логистика имкониятларини кенгайтириш ва туризм хизматлари сифатини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Хорижий меҳмонлар сони ортиб бораёгани, шунингдек авиакомпания юртимизнинг туризм соҳасидаги салоҳиятини халқаро майдонда тарғиб этишга муносиб ҳисса қўшиб келаётгани алоҳида қайд этилди.
Ўзбекистоннинг тарихий-маданий мероси, зиёрат, гастрономик, экологик ва MICE туризми соҳасидаги салоҳиятини Европа, хусусан Германия, Скандинавия давлатлари, Греция ва АҚШда тарғиб қилиш бўйича қўшма PR-кампаниялар ўтказиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида туризм соҳасини барқарор ривожлантириш, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлаш ва чет эллик сайёҳлар оқимини оширишга қаратилган стратегик шерикликни янада кенгайтириш тўғрисида келишувга эришилди.
Азиза Алимова, ЎзА