«Турмуш» профилактик тадбирлари олиб борилмоқда

23

Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича жорий йилнинг 18 февралидан 18 март кунлари оралиғида барча маҳаллаларда белгиланган «Турмуш» профилактик тадбири бўлиб ўтмоқда.

Нукус шаҳри «Наупир» МФЙда яшовчи фуқаролар билан учрашув кечаси ўтказилди. Тадбирда Адлия вазирлигининг Нукус шаҳар бўлими бошлиғи О.Жуманиязов, Саломатлик институти шифокори Т.Ганиева, нарколог шифокор А.Жалилов, Қорақалпоғистон Республикаси ОИТСга қарши курашиш маркази шифокори Б.Джолдасбаев ва бошқа соҳа ходимлари иштирок этди. Учрашув кечасида сўзга чиққанлар республикамизда жиноятчилик, ҳуқуқбузарлик бўйича олиб борилаётган чора-тадбирларга кенг тўхталиб, уларнинг олдини олиш, гиёҳвандлик иллатига қарши курашиш ва ОИТС каби бедаво касалликдан ёшларимизни асраш, уларнинг тарбиясига эътибор қаратиш бўйича маълумот берди.

Пойтахтимиздаги «Наупир» МФЙда жойлашган 7-сонли оилавий поликлиникасида ҳам «Турмуш» профилактикаси тадбири доирасида хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш, ёш ўсмирлар ўртасида турли кўнгилсиз ҳолатларни келтириб чиқармаслик ва гиёҳвандликка қарши курашиш бўйича тадбир ташкил этилди.

Тадбирда поликлиника ходимлари иштирок этиб, уларга тегишли маълумотлар берилди. Оила таянчи бўлган хотин-қизларнинг жиноят кўчасига кириб кетиши, бугунги ижтимоий тармоқлар ривожланган даврда вояга етмаганларни ёт иллатларга қўшилиб кетиши, улар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, гиёҳвандликка қарши курашиш бўйича қилинаётган ишлар ҳақида сўз юритилиб, бу ишларга ҳар бир фуқаро масъулият билан қараши ва биргаликда иш олиб бориши кераклиги айтилди. Фикрлар тингланиб, буклетлар тарқатилди.

Тадбир республика бўйлаб давом этмоқда.

Айжамал Наменова,

Нукус шаҳар ички ишлар бошқармаси

хотин-қизлар масалалари бўйича

катта инспектори, подполковник

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги