Стратегик аҳамиятга эга инвестиция лойиҳалари ижроси қандай таъминланмоқда?

Бош прокурор ўринбосари Дилмурод Қосимов мамлакатимизда амалга оширилаётган стратегик аҳамиятга эга инвестиция лойиҳаларининг ижросига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди.
Унда давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган умумий қиймати 167,7 миллиард долларлик 377 стратегик аҳамиятга эга лойиҳанинг жорий ҳолати кўриб чиқилди.
Уларда юзага келаётган муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан кўрилаётган чоралар бирма-бир муҳокама қилинди. Келгусида бажарилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгилаб олинди.
Лойиҳалар доирасида жорий йил якунига қадар жами 24 миллиард долларлик инвестицияларни ўзлаштириш, бу борада лойиҳа ташаббускорлари ва соҳа масъулларига юклатилган вазифалар ижроси устидан қатъий назорат ўрнатган ҳолда белгиланган прогноз кўрсаткичларининг сўзсиз таъминланиши лозимлиги алоҳида таъкидланди.
Йиғилиш якуни бўйича ишларни янада жадаллаштириш юзасидан масъулларга топшириқлар берилди. Муддатлари аниқ белгиланган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди.
Н.Абдураимова, ЎзА