Хўжайлида Савдо-саноат палатаси фаолияти бўйича ҳисоботи тингланди
ЎзЛиДеП Хўжайли туман Кенгаши депутатлари ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида Савдо-саноат палатаси туман бўлимининг ҳисоботи тингланди. Мажлисда туманда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 2025 йилда амалга оширган ишлари тўғрисида маълумот берилди.
Маълум қилинганидек, бугунги кунда туманда 3236 та тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Шундан 1589 таси кичик бизнес субъектлари, 1647 таси якка тартибдаги тадбиркорлардир. Соҳалар кесимида саноатда 284 та, қишлоқ хўжалигида 209 та, қурилиш соҳасида 141 та, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида 955 та субъект иш олиб бормоқда. Айниқса, савдо ва хизмат кўрсатиш йўналишидаги фаоллик аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда.
2025 йил давомида 329 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилган бўлиб, шундан 117 таси кичик бизнес, 209 таси якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган. Бу эса туманда ишбилармонлик муҳити барқарор сақланаётганини кўрсатади. Йил давомида тадбиркорларга 1357 та ҳолатда хизмат кўрсатилган. Жумладан, 1134 нафар фуқарога ўзини ўзи банд қилиш ва бизнес бошлаш бўйича амалий ёрдам берилган, 223 ҳолатда бизнес-режа ишлаб чиқиш, аукцион савдоларида иштирок этиш, бухгалтерия ва статистик ҳисоботларни топшириш бўйича кўмаклашилган.
Хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этиш йўналишида ҳам муайян ишлар амалга оширилган. 93 нафар хотин-қиз “Бизнесга биринчи қадам” дастури асосида ўқитилиб, уларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун амалий ёрдам кўрсатилган. Бу орқали оилалар даромадини ошириш ва бандликни таъминлашга ҳисса қўшилмоқда.
Эшитув жараёнида депутатлар ҳисобот юзасидан аниқ саволлар ва таклифлар билдирдилар. Хусусан, доимий иш ўринларини яратиш самарадорлиги, ёшларни касбга йўналтириш натижалари, кичик бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳамда имтиёзли кредитлар ажратилишида шаффофлик масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, айрим маҳаллаларда ишсизлик даражаси юқорилиги, касб-ҳунарга ўқитиш дастурларини меҳнат бозори талабларига мослаштириш зарурати ҳам қайд этилди.

Муҳокамалар якунида янги иш ўринларини яратишни тизимли давом эттириш, ёшлар ва хотин-қизлар тадбиркорлигини манзилли қўллаб-қувватлаш, олис ҳудудларда микробизнесни ривожлантириш учун инфратузилмани яхшилаш, кредит олиш жараёнларини соддалаштириш ва тушунтириш ишларини кучайтириш каби вазифалар белгилаб олинди. Депутатлар мазкур йўналишларда амалий натижаларга эришиш ва ҳудудларда учраётган долзарб масалаларни ҳал этиш юзасидан назоратни давом эттиришларини билдирдилар.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги