Талаба-ёшларнинг маънавий етуклиги ва ижтимоий фаоллиги – муҳим марраларни эгаллашга йўл очади

67

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар ва блогерлар иштирокида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Очиқ мулоқотда институтнинг ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи А.Базарбаев, Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчиси Е.Қосимов ва бошқа мутасаддилар ёшлар билан ишлаш ва маънавий-маърифий йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Таъкидланганидек, жорий ўқув йилида институтда маънавий-маърифий ишлар тизимли равишда йўлга қўйилиб, ёшларни ҳар томонлама етук, Ватанга садоқатли, эркин фикрлайдиган ва юксак маънавиятли этиб тарбиялаш бош мақсад этиб белгиланди.

Ҳар ҳафтанинг пайшанба куни «Профилактика куни» сифатида белгиланиб, тегишли соҳа вакиллари билан ҳамкорликда диний экстремизм, терроризм, коррупция, одам савдоси, гиёҳвандлик ва бошқа салбий иллатларнинг олдини олишга қаратилган тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда. Хусусан, 2025 йил давомида 600 дан ортиқ, 2026 йилнинг январь-февраль ойларида эса 180 дан ортиқ маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди.

Институтда таниқли шоир ва ёзувчилар билан 13 маротаба ижодий учрашувлар, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Амир Темур, Ажиниёз Қосибой ўғли, Бердақ Ғарғабай ўғли каби буюк сиймолар ҳаёти ва ижодига бағишланган адабий кечалар ташкил этилди. Шунингдек, талабаларнинг театр ва музейларга мунтазам равишда бориши йўлга қўйилган.

Ҳозирги вақтда институтда жами 82 тўгарак ва клуб фаолият юритаётган бўлиб, уларга жами 6727 талаба қамраб олинган. Жумладан, 32 фан, 16 спорт, 22 маънавий-маърифий, 10 ҳунармандчилик йўналишидаги тўгараклар, «Тўмарис» қўшиқ ва рақс халқ ансамбли, «Сий перде», «Тараннум», «Балдаўрен» ансамбльлари, «Туран» жамоаси, «Зиёли ёшлар» ва «Мунозара» интеллектуал клуби иқтидорли, билимли, зукко талабаларни бирлаштирмоқда.

Талабалар республика ва халқаро миқёсдаги танлов ва мусобақаларда фаол иштирок этиб, шундан 75 нафар талаба халқаро, 301 нафар талаба республика миқёсида ғолиб бўлди. Институтнинг спорт клуби томонидан 12 турдаги спорт йўналишларида машғулотлар йўлга қўйилган. 630 нафар талаба, жумладан, 227 нафар талаба-қиз спорт билан мунтазам шуғулланмоқда. Ўқув йили давомида «Универсиада», «Беш ташаббус олимпиадаси», «Taлабалар лигаси», «Ректор кубоги» каби спорт мусобақалари ва саломатлик тадбирлари ташкил этилди.

Президентимиз томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббус доирасида институтда 43 та клуб ва тўгарак фаолият юритаётган бўлиб, уларга 8404 нафар талаба қамраб олинди. Бу йўналишларда ўқув йили давомида 126 та тадбир ўтказилди. Шунингдек, талабалар турар жойларида «Беш ташаббус» хоналари ва кутубхоналар ташкил этилди.

Президент қарорига мувофиқ, Нукус шаҳри ва Элликқалъа туманидаги 11 та маҳаллада уюшмаган ёшлар билан тизимли ишлар йўлга қўйилди. Хусусан, ҳудудларда 29 та спорт мусобақаси, 36 та тарғибот тадбирлари ташкил этилди. Маҳалла ёшлари институтнинг спорт майдончалари ва ахборот-ресурс марказидан мунтазам фойдаланмоқда.

Очиқ мулоқот давомида иштирокчилар институт томонидан амалга оширилаётган муҳим тадбирларни оммавий ахборот воситаларида ёритиб бориш, ҳамкорлик, республика аҳамиятидаги тадбирларда иштирок этиш, институтни битирган ёшларнинг бандлиги ва бошқа масалалар бўйича фикр-мулоҳазаларини билдириб, қизиқтирган саволларига жавоб олди.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги