2026 йил 1 июндан Ўзбекистон билан ҳамкор давлатлар ўртасида сув ҳамда салқин ичимликларга нисбатан рақамли маркировка кодларини ўзаро тан олиш жорий этилади
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Рақамли маркировкаланган товарларнинг ҳаракатини кузатиб бориш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, 2026 йил 1 июндан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ва ҳамкор давлатлар ўртасида сув ҳамда салқин ичимликларга нисбатан рақамли маркировка кодларини ўзаро тан олиш жорий этилади.
Қарорга кўра Солиқ қўмитаси ҳамкор давлатларнинг рақамли маркировка кодларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тан олиш бўйича ваколатли орган ҳисобланади.
2026 йил 1 апрелга қадар рақамли маркировка кодлари маълумотлари бўйича ахборот алмашишга қўйиладиган талаблар белгиланади ҳамда уларнинг хавфсизлиги таъминланади. Бунда ушбу талаблар рақамли маркировка кодларини ўзаро тан олиш ва товарларнинг ҳаракатини кузатиб боришда иштирок этувчи барча давлат органлари ва ташкилотлари учун мажбурий ҳисобланади.
Бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўзаро тан олинган хорижий давлатларнинг рақамли маркировка кодларини электрон ҳисобварақ-фактура ҳамда онлайн назорат-касса техникасининг касса чекларида акс эттириш имконияти яратилади.
Ҳар йили 15 январга қадар рақамли маркировкани ўзаро тан олиш борасида амалга оширилаётган ишлар жараёни ва унинг натижалари тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот тақдим этиб бориш белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси:
Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган мажбурий рақамли маркировкаланиши лозим бўлган товарларда рақамли маркировка кодлари мавжудлиги назорат қилинишини;
товарларнинг ноқонуний айланишининг олдини олиш мақсадида ҳамкор давлатларнинг божхона органлари билан маълумот алмашиш йўлга қўйилишини таъминлайди.
Қарорга мувофиқ:
“Asl belgisi” маҳсулотларни маркировкалаш ва кузатиб бориш миллий ахборот тизими оператори рақамли маркировка маълумотларини қабул қилиш, қайта ишлаш, сақлаш ва ҳимоя қилишни таъминлайди;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида шакллантириладиган ва муомалада бўладиган рақамли маркировка маълумотлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган дата-марказлар доирасида сақланиши ва қайта ишланиши шарт;
товарларнинг рақамли маркировкаси тўғрисидаги маълумотлар хорижий давлат органлари ва бошқа ташкилотларга халқаро шартномалар асосида ҳамда ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этилган ҳолда узатилади;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мажбурий рақамли маркировкаланиши лозим бўлган товарларни эркин муомалага чиқаришга фақат “Asl belgisi” маҳсулотларни маркировкалаш ва кузатиб бориш миллий ахборот тизимида уларга татбиқ этилган рақамли идентификация воситаларининг ҳақиқийлиги тасдиқлангандан сўнг йўл қўйилади.
Маълумот ўрнида, олдинроқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мажбурий рақамли маркировкалаш тизими самарадорлигини оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2025 йил 23 майдаги ПҚ – 190-сон қарорига мувофиқ қуйидагилар:
хавфни таҳлил қилиш тизимида мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузиш ҳолатлари солиқ хавфи даражасини юқори деб баҳолаш учун асос бўлиши;
мажбурий рақамли маркировкаланадиган маҳсулотларни реализация қилишда маркировка коди бириктирилмаган электрон ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиришга йўл қўйилмаслиги;
маркировка коди киритилгандан сўнг онлайн назорат-касса техникасининг касса чеки шакллантирилиши;
аввал фойдаланилган маркировка кодлари киритилганда, онлайн назорат-касса техникасининг касса чеки шаклланишига йўл қўйилмаслик белгиланган эди.
ЎзА