АҚШ делегацияси Республика вакцина сақлаш омборхонасидаги шарт-шароит билан танишди

23

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва АҚШ Сент-Жуд болалар тадқиқот шифохонаси вакиллари юртимизда болалар онкологиясини эрта ташхислаш ва даволаш борасида олиб борилаётган ишлар билан танишмоқда. Хусусан, Американинг ушбу машҳур тиббий муассасаси вице президенти Карлос Родригес-Галиндо бошчилигидаги делегация аъзолари диёримиздаги турли шифо масканлари, дори-дармон ва вакцина сақлаш омборлари фаолиятини кўздан кечиряпти.

Дастлаб меҳмонлар Республика Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Республика вакцина сақлаш омборхонасида бўлди. Уларга соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова, Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитар шифокори, қўмита раиси Баҳодир Юсупалиев ҳамроҳлик қилди.

Мамлакатимиздаги вакцинация жараёни, препаратларни совуқлик занжирига тўлиқ уланган ҳолда сақланиши ва бошқа зарур амалиётларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Шу ўринда айтиш жоиз, Республика вакцина сақлаш омборхонаси Марказий Осиёдаги энг йирик шундай муассаса ҳисобланади. Ушбу мажмуа  сақлаш учун тавсия қилинган ҳарорат турлича бўлган жуда кўп миқдорда вакцина сақлашга мўлжалланган. Шу билан бирга миллий эмлаш дастури учун логистика марказига айлантирилган бу маскан вакциналарни етказиб бериш ва бошқариш учун беқиёс имкониятга эга.

Омборда ҳозир мавжуд барча турдаги препаратларни сақлаш мумкин. Қарийб 1000 м2 ҳажмли учта совуқлик камераси (2-8°C), 3000 литрли ультра совутгичлар ва 40 м3 жойни эгаллаган музлатгич-хоналар билан жиҳозланган мажмуада иммунизация учун зарур материаллар сақланадиган, майдони 1000 м2 қуруқ омбор ҳам бор. Маҳсулотни тез ва зиёнсиз ташийдиган электр юк кўтаргичлар, осма доклар, текислаш платформалари ва кўтариш механизмлари икки алоҳида ток тармоғига уланган. Бундан ташқари объектни узлуксиз электр билан таъминлаш имконини берадиган кучли захира дизель генератори ҳам мавжуд.

Учрашув давомида Республика вакцина сақлаш омборхонасида  яратилган шарт-шароитлар бўйича ўзаро фикр алмашилди.

Маълумотга кўра, жаҳон миқёсида ҳар йили тахминан 400 000 болада саратон аниқланади. Юқори даромадли мамлакатларда уларнинг 80 фоизи соғайиб кетади. Афсуски, кам ва ўрта даромадли давлатларда тирик қолиш кўрсаткичи 30 фоиздан паст.

Айни тафовут Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)ни “Сент-Жуд” болалар тадқиқот шифохонаси билан бирга Болалар саратонига қарши глобал ташаббусни йўлга қўйишга ундади. Мақсад – 2030 йилга қадар болаларнинг саратондан тирик қолиш даражасини камида 60 фоизга етказиш.

– Ўзбекистон мазкур ташаббусга дарҳол қўшилган давлатлардан бири, – дейди ЖССТ мамлакатимиздаги ваколатхонаси Саратонни бошқариш бўйича мутахассиси доктор Шарон Капамбве. – Таҳлилларга кўра, болаларни саратондан асраб қолиш даражаси пастлигининг асосий сабабларидан бири дори воситалари таъминоти етарли эмаслигидир. Дунё бўйлаб жуда кўп бола хавфсиз ва сифатли дори-дармонни вақтида ололмаяпти. Қолаверса, бундай препаратлар жуда қиммат. Шу боис ЖССТ, “Сент-Жуд” ва ЮНИСЕФ ҳамкорликда Болалар саратонига қарши дори воситаларини етказиб бериш бўйича глобал платформани ишга туширди. Ўзбекистон жараёнда синов манзили сифатида танланган 6 давлатдан бири. Биз ҳукуматнинг айни муаммога қатъий ёндашувини кўриб турибмиз. Бугунги миссия мазкур глобал платформа ркспубликада қандай ишлаётганини ўрганиш. Кузатувни дори воситалари мамлакатга кириб келиши – божхона расмийлаштируви нуқталаридан бошладик. Ўзбекистон ҳукумати зарур дори-дармон болаларга хавфсиз ва вақтида етиб келишини таъминлаш учун астойдил ҳаракат қилаётганини кўрдик. Бу борадаги саъй-ҳаракатларни алоҳида эътироф этамиз. Зеро, эҳтиёжманд ўғил-қизлар белгиланган препаратларни кечикмасдан олиши жуда муҳим. Тўғри, дорилар арзон эмас. Бинобарин, ЖССТ ва “Сент-Жуд” ҳамкорлиги туфайли ёш беморлар дориларни бепул олиш имконига эга бўлмоқда. Шу орқали болаларнинг соғайиб кетиш даражаси кескин ошади.

Делегация аъзолари 28 февралга қадар мамлакатимизда бўлиб, яна бир қатор учрашувлар, мулоқотлар ўтказади.

Гўзал Сатторова,

Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА