Давлат дастури: стратегик мақсадлар аҳоли турмуш даражасини яхшилашга қаратилгани билан янада аҳамиятли

Жорий йилнинг 16 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Фармон аввалги йилларда қабул қилинган Давлат дастурларидан мазмунан ва шаклан ўзгача бўлиб, илғор хорижий тажриба ҳамда мутлақо янги ёндашув асосида ишлаб чиқилди. Давлат раҳбарининг Олий мажлис ҳамда Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида белгиланган соҳаларга доир бешта устувор йўналиш бўйича ташаббусларни қамраб олган алоҳида ислоҳотлар дастурлари ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2026 йилда амалга оширишга қаратилган Давлат дастуридир.
Дастурда энг асосий эътибор маҳаллаларга янги Ўзбекистон руҳини ва замонавий қиёфасини олиб киришга қаратилган. Шу билан бирга, иқтисодиётни технология ва инновацияларга асосланган янги ўсиш босқичига олиб чиқиш, ички бозорда талабни рағбатлантириш ҳам муҳим вазифа сифатида белгиланган. Замонавий касбларни ривожлантириш ва меҳнат бозорини янги шароитларга мос равишда шакллантириш ҳам устувор йўналишлардан ҳисобланади.
Бундан ташқари, экологик мувозанатни сақлаш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, давлат бошқаруви ва суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштиришга алоҳида аҳамият берилган. Ушбу йўналишлар мамлакат тараққиётининг барча муҳим соҳаларини қамраб олиб, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини оширишга қаратилган изчил ҳамда ўзаро боғлиқ чора-тадбирлар тизимини ифода этади.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да амалга ошириш бўйича Давлат дастурида 337 та банддан иборат аниқ амалий чора-тадбирлар акс этган. Шу билан бирга, 2026 йил давомида соҳалар кесимида 59 та муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилиши назарда тутилган. Бу эса давлат сиёсати барча соҳаларда тизимли, ҳуқуқий асосланган ва очиқ тарзда амалга оширилишини таъминлайди.
Маҳаллаларда саноат ва хизмат кўрсатиш лойиҳаларини амалга ошириш орқали янги иш ўринлари яратиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ички иқтисодий фаолликни кучайтириш муҳим вазифа сифатида белгиланди.
Шунингдек, маҳаллаларнинг молиявий имкониятларини кенгайтириш, жамғармалар маблағларини ошириш ва улардан самарали фойдаланиш механизмларини жорий этиш орқали ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни жойида ҳал этиш кўзда тутилган.
Хусусан, маҳалла ҳудудида ишлаб чиқариш корхоналари ва хизмат кўрсатиш нуқталарини ташкил этиш учун кредит маблағларини ажратишга жами 5 триллион сўм маблағ йўналтириш кўзда тутилган бўлиб, бунда кредит фоизининг миллий валютада 10 фоизгача, хорижий валютада 4 фоизгача бўлган қисми қоплаб берилиши йўлга қўйилади. Бунинг натижасида эса 10 мингдан зиёд ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳалари ишга туширилади ҳамда маҳаллаларда қўшимча 100 мингта янги иш ўрни яратилади. Шунингдек, маҳаллалар инфратузилмасини такомиллаштириш учун 20 триллион сўм маблағ йўналтирилиши кўзланган.
Бундан ташқари, рақамли платформалар орқали аҳоли муаммоларини “хонадонбай” ўрганиш ва уларни онлайн назорат қилиш тизими жорий этилиши давлат органлари масъулиятини оширади ва мурожаатларнинг ўз вақтида ҳал этилишини таъминлайди.
Умуман олганда, мазкур ислоҳотлар маҳаллани жамият тараққиётининг таянч бўғинига айлантириб, фуқароларнинг ижтимоий фаоллиги, иқтисодий барқарорлиги ва турмуш сифатини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Жамиятда бирдамликни таъминлаш орқали уни юксалтириш бўйича устувор ислоҳотлар дастури давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, суд-ҳуқуқ тизимини халқаро стандартларга мос равишда модернизация қилиш ҳамда жамиятда бирдамлик ва фаол фуқаролик позициясини мустаҳкамлашга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олади.
Давлат хизматларини кўрсатишда аҳоли учун қулайликларни янада кенгайтириш, судлар фаолиятига халқаро андозаларга мос янги институтларни жорий этиш орқали одил судлов сифатини янада ошириш белгиланган бўлиб, халқ вакиллари ҳайъати институти жорий этилиб, “хабеас корпус” механизмлари доирасида тергов судьяларининг ваколатлари кенгайтирилади. Шунингдек, ҳимоя институти мустаҳкамланиб, адвокатларнинг жиноят процессидаги ҳуқуқлари сезиларли даражада оширилади.
Аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик каби жамият олдида турган долзарб муаммоларга қарши курашиш бўйича самарали ишлайдиган тизимни йўлга қўйиш кўзда тутилган. Бунда 14 ёшга тўлмаган шахсларга нисбатан содир этилган жинсий жиноятлар учун умрбод озодликдан маҳрум этишгача бўлган жазо чораларини белгилаш ҳамда вояга етмаганларга нисбатан содир этилган жинсий ва зўравонликка оид жиноятларни тергов қилишни прокуратура органлари ваколатига ўтказиш белгиланган. Бунинг натижасида эса жамиятда “зўравонликка тоқатсизлик” тамойилиижтимоий меъёр сифатида шакллантирилади.
Бундан ташқари, давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш мақсадида 2026 йил давомида комплаенс ҳамда коррупцияга қарши ички назорат йўналишида масъул ўринбосарлар фаолиятини йўлга қўйиш, шунингдек, уларнинг самарали ишлашини таъминлаш учун зарур ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган.
Шунингдек, мажбурий ижро органлари фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали ижро ҳужжатлари ундирувини инсон омилисиз амалга ошириш амалиётини йўлга қўйиш белгиланган.
Хулоса қилиб айтганда мазкур дастур давлат бошқаруви ва суд-ҳуқуқ тизимини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш, коррупцияга қарши самарали механизмларни жорий этиш, инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда жамиятда фаоллик ва бирдамликни кучайтиришга қаратилган комплекс ислоҳотларни қамраб олади. Ушбу чора-тадбирлар орқали давлат органлари фаолиятининг шаффофлиги ва самарадорлиги оширилиб, адолатли, ҳуқуқий ва барқарор жамиятни шакллантиришга мустаҳкам замин яратилади.
Инобат ҲАКИМОВА,
“Тараққиёт стратегияси” маркази
бош мутахассиси.
ЎзА