Хорижий дипломатларнинг республикамизга ташрифи

14

Минтақамизнинг инвеститсиявий, туризм ва экспорт салоҳияти билан танишиш мақсадида хорижий давлатлар элчихоналари дипломатлари ва халқаро ташкилотлар вакиллари республикамизга ташриф буюрган эди.

Дастлаб меҳмонларга Қорақалпоғистонда яратилган шароитлар ва қулай имкониятлар кенг тарзда таништирилди. Шундан сўнг улар йирик инвестиция лойиҳалари асосида корхоналарда олиб борилаётган ишларни бориб кўрди.

Сўнгра хорижлик меҳмонлар И.В.Савитский номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейида бўлиб, «Саҳродаги Лувр» экспонатлари билан яқиндан танишди.

Оролбўйи халқаро инновация марказида Орол денгизи қуришининг оқибатларини юмшатиш борасида амалга оширилаётган лойиҳаларни кўздан кечирди.

Шундан сўнг умумий қиймати 67 млн. доллар бўлган, йилига 50 минг тоннагача маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга «KARAKALPAK BASALTWOOL» корхонасининг ишларини бориб кўрди.

Шунингдек, меҳмонлар умумий қиймати 48,5 млн. доллар бўлган, йилига 18 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш қувватига эга ва 400 иш ўрни яратадиган «Нукус ССП Технопарк» корхонаси ишлари билан яқиндан танишди.

Мамлакатимиз экспорт салоҳиятига ҳисса қўшадиган яна бир корхона – йилига 640 минг метр радиатор маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга бўладиган «Osten Technologies» корхонаси фаолияти ҳам бориб кўрилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги