Имконияти чекланган инсонлар ва журналистлик масъулият

10

Ўзбекистонда турли мавзуларда фаол иштирок этиб келаётган устоз журналистларимиздан Наргис Қосимова томонидан тайёрланган «Ногиронлик журналистикаси» номли қўлланмани ўқисансиз, жамиятдаги имконияти чекланган инсонларга нисбатан ноўрин гапларни ишлатишдан бош тортасиз. Улар билан қандай муносабатда бўлиш, уларнинг ишончини қозониш, ўзини эркин ҳис қилиш каби хислатларни ўрганасиз. Бу қўлланмани ўқир экансиз, бугун ҳам мана шундай инсонлар ҳақида нейтралликни бузувчи журналистлар ҳам ўқиса экан, деб қоласиз.

Афсуски, бугун дунё аҳолисининг 15 фоизи, яъни 1 миллиарддан зиёди ногиронликнинг у ёки бу шаклига эга. Бу инсонларнинг 80 фоизи ривожланаётган мамлакатларга тўғри келади, бу эса уларнинг ижтимоий ҳимояси ва интеграциясини долзарб масалага айлантиради. Уларнинг кўпчилиги ҳаёти давомида жамиятда ўз ўрнини топишда, тўлақонли шахс сифатида яшашда муаммоларга дуч келади. Мана шундай муаммолар бор жойда журналистларнинг ўрни муҳим. Бироқ, аксарият ҳолларда журналистлар имконияти чекланган инсонлар билан суҳбатлашишда жиддий хатоларга йўл қўяди. Интервью олаётган пайтда аравачада ўтирган одамнинг олдида эгилиб микрофон тутиб туради, аслида эса, тиз чўкиб ўтиргани ёки у ҳам ўриндиққа ўтириб интервью олгани маъқул. Натижада илгари ҳеч қачон бундай одамлар билан суҳбатлашмаганлиги ёки имконияти чекланган инсонлар тўғрисидаги қонунларни билмаганлиги сабабли муваффақиятсиз материаллар сони яна биттага ортади.

Инсоният тарихида доимо жисмоний ёки руҳий жиҳатдан имконияти чекланган инсонлар бўлган. Тараққиётнинг турли даврларида, турлича қараш, муносабат бўлгани ҳам бор гап. Маълумот ўрнида айтиш мумкин, қадимда соғлиқ билан боғлиқ муаммолар урушдан кейин кўпайиб кетгани учун, урушда яраланган собиқ жангчилар майиб деб аталган. Аслида майиб сўзи лотинчада «кучли эмас, кучсиз» деган маънони беради. Ҳар даврда, ҳар бир мамлакатда ногиронларга муносабат ўзгача бўлган. Масалан, Францияда соғлиғи билан муаммоси бор одамлар икки гуруҳга бўлинган. Биринчи гуруҳда собиқ жангчилар бўлса, иккинчи гуруҳда ҳарбий хизматга бормаган, касаллиги туғма ёки орттирилган одамлар бўлган. Қадимги Юнонистонда эса, ҳарбий ногиронлар оиласи давлат қарамоғида бўлган. Римда эса ногиронларга жангда қўлга киритилган ўлжалардан улуш ажратилган, иккинчи гуруҳ ногиронлари фақат бошпана ва озиқ-овқат билан таъминланган. Ўша даврлардаёқ имконияти чекланган инсонларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига қаратилган асар Сенитса, Ситсерон томонидан ёзила бошланган.

Кўриб турганимиздек, имконияти чекланган инсонларга нисбатан камситувчи муносабат муаммоси инсониятнинг бутун тарихи давомида мавжуд бўлган ва ҳанузгача бартараф этилмаган. Бундай инсонлар ҳақида ёритиш бўйича Ўзбекистонда ҳам қўлланма ва тавсиялар ишлаб чиқилган. Шулардан бири 2018 йилда Anhor.uz нашри ногиронлиги бўлган шахсларни камситмаслик учун оғзаки нутқда ва нашрларда қандай сўзлардан фойдаланиш ҳақида қўлланма ишлаб чиқди. Буни қарангки, шунча уринишлардан кейин ҳам ачиниш, камситиш ҳиссини берадиган сўзлардан иборат шовқинли номлар бериляпти.

Улардан бири Aniq.uz нашрида (28.04.2019) «Андижонда аравачадаги боланинг уйи нега бузиляпти?» номли материал берилган, мақола эса имконияти чекланганлар ҳақида эмас. Бу шунчаки ачиниш ҳисси орқали кўриш сонини кўпайтиришга қаратилган шов-шувли ном. Яна шундай материаллардан бири Xabar.uz нашрида (09.06.2024) «11 йилдан бери аравада ўтирган боланинг: Мен Ватанни онамдек севаман!» сарлавҳали материали берилган. Бир воқеа ҳақида ҳар хил ёндашиш, ҳар хил таассурот уйғотиш мумкин. Бу материал орқали журналист имконияти чекланган инсонни ўзига хос қаҳрамон сифатида тасвирлайди, лекин бу маъқул эмас. Чунки улар қаҳрамонлик кўрсатмаган, чекланган имкониятидан келиб чиқиб, ҳаётда ўз ўрнини топишга ҳаракат қилмоқда.

Кўпинча биз журналистлар ўзимиз билмаган ҳолда имконияти чекланган инсонларга бахтсиз, ожиз, қурбон каби стигматизатсия (юнонча тамға босиш) юклаб қўямиз. Ана шундай хато ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида турли қўлланма, тавсия, концепциялар ишлаб чиқилган. Масалан, Россиянинг «Перспектива» номли ногиронлар ҳудудий жамоат ташкилоти ОАВда ногиронлиги бўлган инсонлар мавзусини ёритиш концепциясини ишлаб чиққан.

Ўйлайманки, бугунги журналистлар ҳам мана шундай қўлланма ва концепциялар билан танишиб чиқса, имконияти чекланган инсонларга нисбатан стереотипларга чек қўйган бўлар эди.

Сурайё Эркинова, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети магистранти