Аҳоли фаровонлиги учун йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда

Нукус туманидаги «Саманбай» овул фуқаролар йиғини ҳудудида аҳоли фаровонлигини ошириш ва қишлоқ хўжалиги самарадорлигини кучайтиришга қаратилган йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Ушбу ташаббус доирасида аҳоли томорқа ерлари ва қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш тизимини яхшилаш мақсадида «Ислом тараққиёт банки» ва «ОПЕК халқаро жамғармаси» томонидан жами 4 миллиард 256 миллион сўм маблағ ажратилди.
Ҳозирги кунда қурилиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Лойиҳа доирасида «Устюрт транс» масъулияти чекланган жамияти томонидан 5 километр лоток (бетон ариқ) ўрнатиш режалаштирилган бўлиб, бу суғориш тизими самарадорлигини сезиларли даражада оширишга хизмат қилади.

Ушбу амалий ишлар натижасида сув исрофининг олди олиниб, томорқалардан унумли фойдаланиш имконияти кенгаяди, қишлоқ хўжалиги унумдорлиги ошиб, аҳоли даромадлари кўпайишига замин яратилиши кўзда тутилган.
Бундай инфратузилма лойиҳалари ҳудудни комплекс ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини яхшилашга йўналтирилган.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги