Ёш стартаперлар ташаббуслари қўллаб-қувватламоқда

9

ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ташаббуси билан Нукус ёшлар технопаркида “Креатив тадбиркор ёшлар” лойиҳаси доирасида тадбир ташкил этилди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Шарап Отемисов, ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши Аппарат раҳбари Адип Айбергенов ҳамда партия Ёшлар қаноти вакиллари иштирок этди.

Тадбир давомида партия фаоллари ва депутатлар ёшларнинг стартап лойиҳалари, инновацион ишланмалари ва тайёр прототиплари билан яқиндан танишди. Ёшлар ўз ғоялари орқали замонавий тадбиркорлик муҳитига мос билим ва кўникмаларини намоён этиб, ҳудудда инновацион экотизим шаклланаётганини яна бир бор исботладилар.

Тақдим этилган лойиҳалар орасида айниқса сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга қаратилган “AQUA LOOP” стартапи катта қизиқиш уйғотди. Лойиҳа муаллифи Бибинур Базарбаева томонидан ишлаб чиқилган ушбу механизм идиш ювиш, кир ювиш ва душдан чиққан сувларни йиғиб, фильтрациядан ўтказган ҳолда хожатхона тизимига йўналтириш орқали ичимлик сувини тежаш имконини беради. Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу тизим электр энергиясисиз ишлайди ва экологик барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.

Шунингдек, тадбирда пластик чиқиндиларни қайта ишлаш асосида “пуфик” ва креслолар ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳам тақдим этилди. Ушбу ташаббус нафақат атроф-муҳит муҳофазасига ҳисса қўшади, балки арзон ва сифатли мебель ишлаб чиқариш орқали янги иш ўринлари яратиш имконини ҳам беради.

Тадбир иштирокчилари орасида Семён Шучкин томонидан ишлаб чиқилган “STuDy” платформаси ҳам алоҳида эътиборга сазовор бўлди. Мазкур платформа сунъий интеллект асосида фойдаланувчининг билим даражаси, мулоқот тили ва таълим афзалликларини ҳисобга олган ҳолда автоматик тарзда индивидуал ўқув курсларини шакллантиради. Бу эса қисқа вақт ичида самарали билим олиш ва кўникмаларни ривожлантириш имконини яратади.

Лойиҳа жамоаси турли танловларда фаол иштирок этиб келмоқда. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан ташкил этилган “Innovation Hack” танловида иккинчи ўринни эгаллаб, 30 миллион сўм миқдоридаги пул мукофотига сазовор бўлгани уларнинг салоҳиятини янада намоён этди.

Тадбир давомида депутатлар ёш тадбиркорлар учун яратилган имтиёзлар, грант дастурлари ва амалий қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳақида батафсил маълумот берди. Ёшлар эса ўзаро тажриба алмашиш, ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва келгусида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришдилар.

Бугунги кунда ЎзЛиДеП томонидан ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, инновацион ғояларини амалиётга жорий этиш ва уларни иқтисодий фаолликка кенг жалб этишга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда.

“Креатив тадбиркор ёшлар” лойиҳаси эса ана шу саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодаси бўлиб, ёшларнинг интеллектуал салоҳияти ва ташаббускорлигини рўёбга чиқаришда муҳим платформа вазифасини бажармоқда.

                                                              Қорақалпоғистон  ахборот агентлиги