Ўзбекистон делегацияси Барселонадаги халқаро сайёҳлик кўргазмасида қатнашадиган бўлди

Испаниянинг “Europa Press” ахборот агентлигида Ўзбекистонга бағишланган мақола чоп этилди. Унда “B-Travel” халқаро туристик кўргазмасида мамлакатимиз асосий ҳамкор ва фахрий меҳмон сифатида иштирок этиши маълум қилинган.
Манбага кўра, жорий йил 20 – 22 март кунлари Барселона шаҳридаги Fira de Barcelona мажмуасининг “Montjuïc” майдончасида ўтказиладиган сайёҳлик кўргазмасида Ўзбекистон делегацияси бош шерик ва фахрий меҳмон сифатида қатнашади.
Мақолада таъкидланишича, сўнгги йилларда мамлакат Буюк ипак йўлидаги бой тарихий мероси, жумладан, дунёнинг энг қадимий шаҳарларидан бири бўлган Самарқанд ҳамда замонавий Тошкент туфайли оммабоп сайёҳлик йўналишларидан бирига айланмоқда. Шунингдек, Ўзбекистондаги ислом меъморчилиги ёдгорликлари ва ноёб диққатга сазовор жойлар испаниялик сайёҳларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Ўзбекистоннинг кўргазмадаги иштироки туризм соҳаси мутахассислари, агентликлар ва туроператорлар учун янги ҳамкорлик имкониятларини яратиши қайд этилган.
“B-Travel” президенти Марти Саррате Барселонада кенг жамоатчиликка ўзига хос ва ҳайратлантира оладиган йўналишларни тақдим этиш устида иш олиб борилаётганини таъкидлаб, Ўзбекистоннинг ҳамкор давлат сифатидаги иштироки кўргазма дастурини янада бойитишини қайд этди.
Мутахассис Ўзбекистон ҳукумати ва туризм соҳаси вакилларига ишонч учун миннатдорлик билдириб, мазкур тадбир икки мамлакат ўртасидаги сайёҳлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқишига ишонч билдирди.
Б.ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА