Спорт – соғлом ҳаёт гарови

9

Бугун кўчаларда югураётган ёшларни, эрталабки бадантарбия билан шуғулланаётган инсонларни ёки спорт майдонларида тўп ўйнаётган болаларни кўрсак, бир ҳақиқатни англаймиз: спорт ҳаётимизнинг ажралмас қисмидир. Зеро, соғлом жамиятни соғлом инсонларсиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Тиббиёт мутахассисларининг таъкидлашича, камҳаракат турмуш тарзи кўплаб касалликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Компьютер ва телефон қаршисида узоқ вақт ўтириш, жисмоний фаолликнинг етишмаслиги организм фаолиятига салбий таъсир кўрсатади. Спорт эса бунинг акси — у инсон танасини чиниқтиради, юрак-қон томир тизимини мустаҳкамлайди, иммунитетни оширади ва руҳий ҳолатни яхшилайди.

Аммо спортнинг аҳамияти фақат соғлиқ билан чекланмайди. У инсон характерини шакллантиради. Машғулотлар давомида инсон сабр қилишни, мақсад сари интилишни, ютқазса ҳам таслим бўлмасликни ўрганади. Спорт майдони — бу ҳаёт мактаби. Унда ҳар бир мағлубият тажриба, ҳар бир ғалаба эса меҳнат самараси сифатида қабул қилинади.

Айниқса, ёшлар ҳаётида спортнинг ўрни беқиёс. Спорт билан шуғулланган бола вақтини мазмунли ўтказади, зарарли одатлардан йироқ бўлади ва ўз олдига аниқ мақсад қўйишни ўрганади. Бугун спортга берилган эътибор — эртанги соғлом авлод пойдеворидир.

Шундай экан, спортни шунчаки машғулот ёки мажбурият деб эмас, балки ҳаёт тарзи деб қабул қилишимиз лозим. Ҳар куни камида бир неча дақиқани жисмоний фаоллик учун ажратиш — бу ўз соғлиғимизга қилинган энг катта сармоядир. Чунки спорт — соғлом ҳаётнинг мустаҳкам гаровидир.

Шоира Хайтбаева,

Бердақ номидаги ҚДУ Қорақалпоқ филологияси ва журналистика факультети талабаси.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги