Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ўтказилди

36

Ҳаётда тўғри касб танлаш муваффақиятли келажакнинг гаровидир. Чунки, инсоннинг аксарият вақти иш жараёнларида ўтади. Шу сабабдан ҳам киши ўзи учун севимли ҳунарни ўрганиши, ўзи ёққан касб билан шуғулланиши керак.

Хўжайли туманидаги ишсиз ва банд бўлмаган фуқаролар, айниқса хотин-қизлар ва ёшларнинг бандлигига кўмаклашиш, уларни меҳнат бозоридаги касбларга йўналтириш мақсадида туманда жойлашган 5-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.

Меҳнат ярмаркаси очилишида сўз олганлар мамлакатимизда аҳоли муаммоларини ҳал этиш, айниқса, бандлигини таъминлаш, фуқароларнинг доимий даромад манбаини шакллантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлади.

Меҳнат ярмаркасида туманлардаги 27 иш берувчи корхона ва ташкилотлар ўзларининг 60 дан ортиқ бўш (вакант) иш ўринлари билан иштирок этмоқда. Корхона ва ташкилотлардан келган вакиллар ўзларида мавжуд бўлган бўш иш ўринлари ҳақида батафсил маълумот берди.

Меҳнат ярмаркаси давомида 50 га яқин фуқаролар иштирок этди. Рўйхатдан ўтганларнинг кўпчилигини алимент тўлайдиган, пробатсия ҳисобида турадиган шахслар ва меҳнат мигрантлари ташкил этади. Улар ўзларига мос бўлган иш ўринлари билан танишди. Натижада, ярмарка давомида 8 нафар фуқаро билан иш берувчилар ўртасида меҳнат шартномалари имзоланди. Бундан ташқари, 15 нафар фуқарога имтиёзли кредит олиш бўйича маслаҳат берилди.

Шунингдек, бир қанча фуқароларга меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга тайёрлаш, қайта тайёрлаш учун йўлланмалар берилди.

Бу каби ярмаркаларнинг давомли ташкил этилиши, ишсиз бўлган фуқароларимиз учун ўзларига муносиб иш ўрни топишда муҳим аҳамият касб этади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги