Шартуйме – ҳақиқий қорақалпоқ маданиятининг рамзи

5

И.В.Савицкий музейи коллекциясида анъанавий қорақалпоқ қиз-келинчакларининг безак буюми – шартуйме сақланади. У кумушдан ишланган бўлиб, тўртбурчак шаклда, қизил ёқут, фируза ва рангли шиша билан безатилган. Баъзан безак композицияси занжирсимон безаклар билан тўлдирилади, улар ҳаракат пайтида ёқимли товушлар уйғунлигини ҳосил қилади.

Безаниш буюмининг номи «шар» сўзи билан боғлиқ бўлиб, бу «тўрт томон» деган маънони англатади ва бу дунёнинг пайдо бўлишига оид қадимги тасаввурларни акс эттиради. Шартуйме дунёнинг тўрт томони рамзини акс эттиради ва яхлитликни англатади. Ёни ва пастки томони кўпинча барглар билан безатилиб, буюмнинг ҳимоя вазифасини кучайтиради.

Шартуйме – оддий кийим безаги эмас, у мартаба белгиси, ҳимоя тумори ва халқ дунёқарашини акс эттирувчи буюм бўлиб, ундаги ҳар бир тош ва ҳар бир шакл алоҳида маънога эга.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги