Эндиликда қурилиш объектлари сунъий интеллект ёрдамида назорат қилинади

13

Бугунги кунда сунъий интеллект ҳаётимизга жадал кириб келмоқда. Бу эса меҳнат самарадорлигини ошириш билан бирга сифат барқарорлигини ҳам таъминламоқда.

Мазкур имкониятдан фойдаланган ҳолда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси ҳамда ҳудудий инспекцияларда ташкил этилган онлайн кузатиш марказлари орқали давлат ҳисобидан қурилаётган барча объектлар масофавий тарзда кузатиш тизими йўлга қўйилмоқда.

Ушбу объектларга ўрнатилган камералар ҳозирда онлайн кузатиш марказларига босқичма-босқич интеграция қилиниб, марказлар сунъий интеллект асосида ишловчи электрон дастурлар билан таъминланмоқда. Бу орқали қурилиш жараёнларини автоматик тарзда ва юқори аниқликда кузатиш мумкин.

Хусусан, 2026 йил январь ойида 1000 дан ортиқ кузатув камералари орқали 1144 та камчилик аниқланган ҳолда уларни бартараф этиш учун ёзма кўрсатмалар берилди. Эътиборлиси шундаки, камчиликларнинг 500 дан ортиғи сунъий интеллект ёрдамида автоматик тарзда онлайн кузатиш марказлари орқали қайд этилган. Мутахассисларнинг фикрича, мазкур тизимни ривожлантириш орқали соҳадаги тармоқлар янада ижобий ўсишга эришиш мумкин.

Шербек Исломов, ЎзА