Мактабда инклюзив синфлар очилди

24

Нукус шаҳридаги 23-сонли умумий ўрта таълим мактабида инклюзив таълим йўналишида муҳим қадам ташланди. Хусусан, ўқув даргоҳида инклюзив синфлар ташкил этилиб, алоҳида таълим эҳтиёжи бор ўқувчилар учун замонавий ва қулай шароитлар яратилди.

– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 13 октябрдаги 638-сонли қарорига асосан, мактабда 4 та синф учун 4 нафар махсус педагог бириктирилиб, 4 нафар ўқувчи инклюзив таълим жараёнига жалб этилди, – дейди мактаб директори Анора Торенова. – Инклюзив синфларда болаларга индивидуал ёндашув асосида таълим берилмоқда. Ҳар бир ўқувчининг имконият ва талаблари инобатга олиниб, дарслар замонавий методикалар асосида ташкил этилган. Ўқитувчилар махсус методикалар ва мослаштирилган дастурлар асосида дарслар олиб бориб, ҳар бир ўқувчининг қобилияти ва эҳтиёжидан келиб чиқиб таълим жараёнини ташкил этмоқда. Бу эса болаларнинг билим олишига қизиқишини ошириш, уларнинг жамиятга муваффақиятли интеграциялашувига хизмат қилмоқда.

Шу билан бирга, мактабда таълим сифатини янада ошириш мақсадида замонавий электрон доскалар ҳам ўрнатилган. Янги технологиялар ёрдамида ўқитувчилар дарс жараёнини интерфаол усулда ташкил этиб, мавзуларни визуал ва амалий тарзда тушунтириш имкониятига эга бўлмоқда. Электрон доскалар орқали тақдимотлар, видеодарслар, анимациялар ва турли дидактик материаллардан самарали фойдаланилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, инклюзив таълим – бу нафақат таълим жараёни, балки меҳр, эътибор ва тенг имкониятлар муҳитидир. 23-мактаб жамоаси томонидан яратилаётган шароитлар болаларнинг ўзига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ва сифатли таълим олишини таъминлашга қаратилган.

Ушбу ташаббус республикамизда инклюзив таълимни ривожлантириш борасидаги амалий ишларнинг ёрқин намунаси бўлиб, келгусида бошқа таълим масканлари учун ҳам самарали тажриба вазифасини ўташи кутилмоқда.

Бийбисара Жартибаева,

Бердақ номидаги ҚДУнинг 2-курс магистранти

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги