Онлайн қабул — фуқаролар ва суд ўртасида очиқ мулоқот майдони

15

Суд-ҳуқуқ соҳасида фуқароларнинг мурожаатларини бевосита эшитиш, уларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериш ва муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиш – давлат органларининг асосий вазифаларидан биридир.

Шу асосда, Қорақалпоғистон Республикаси суди томонидан йўлга қўйилган онлайн қабуллар фуқаролар учун катта қулайлик яратаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Жумладан, жисмоний жиҳатдан суд биносига бориш имконияти бўлмаган ёки олис ҳудудда яшовчи фуқаролар онлайн мулоқот орқали ўз муаммосини осон етказиш имкониятига эга бўлмоқда. Бу эса, суд тизими ходимларининг халқ ичига кириб бориши, одамларнинг дардини эшитиши ва ҳаётий муаммоларни адолат асосида ҳал этишга интилишидан далолат беради.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси судлари раҳбарлари Қўнғирот, Мўйноқ ва Қонликўл туманлари фуқаролари учун онлайн тарзда қабул ўтказиб, унда ҳудуд аҳолисининг суд-ҳуқуқ соҳасига оид мурожаатлари тингланди.

Видеоконференц-алоқа режимида ташкил этилган онлайн қабулда фуқаролар ўзларини қизиқтирган ҳуқуқий масалалар, жумладан, кредит, оилавий низолар, қарз ундириш, иш ҳақи ундириш, суд қарорлари ижроси билан боғлиқ муаммолар юзасидан ўз мурожаатларини йўллади.

Суд раислари томонидан ҳар бир мурожаат алоҳида кўриб чиқилиб, фуқароларга қонунчилик доирасида асослантирилган тушунтиришлар берилди. Айрим ҳолларда мурожаат қилишга асос бўлган ҳолатлар бўйича суд ҳужжатлари қайта ўрганилиши ва тегишли идораларга илтимоснома хати юборилиши белгиланди.

Онлайн қабул жараёнида фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида, уларга амалдаги миллий қонунчилик, фуқаролик-процессуал ва маъмурий иш юритиш тартиблари, мурожаат қилиш ҳуқуқлари ҳақида қўшимча маълумотлар ҳам берилди.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси