Тадқиқот, қонунчилик ва инсонийлик

9

Ижтимоий тадқиқотлар даставвал муаммонинг манзарасини чизиб беради, яъни статистика ва ҳисоб-китоблар муаммонинг кўламини аниқлайди. Тизимли олиб борилган кузатувлар муаммонинг ўсиб ёки камайиб бориши ҳақида хулоса тақдим қилади. Жамиятшунос олим муаммонинг сабабларини тадқиқ этади, унинг хатари ва оқибатларини таҳлилдан ўтказиб, кутилаётган эҳтимолий ҳолатлар ҳақида тахмин беради. Яъни фалон муаммонинг кўлами аҳоли орасида фалон фоизни ташкил этаётир, охирги беш йиллик статистикага кўра, муаммо кенгайиб боряпти,  муаммонинг ўсиш тезлиги фалон фоизни ташкил қилмоқда, муаммонинг кенгайиши иқтисодий, молиявий ёки таълим, ёки соғлиқни сақлаш, ёки маънавий тарбия ишларидаги оқсоқликлар билан пропорционал каби натижалар баён этилади. Ҳар бир хулоса ва кўрсаткич изчил ва аниқ тадқиқотлар устида намоён бўлади.

Ҳар қандай муаммо жамиятнинг ярасидир. Ярани малҳам билан даволаш ҳам мумкин ёки уни кесиб ҳам тузатса бўлади. Дори-дармон билан даволаш бу яранинг, хасталикнинг илк босқичидаги иш ҳисобланиб, агар касаллик кучайса, энди кескинроқ чоралар кўришга мажбур қолинади. Хитойлик саркарда Сун Зи: “Энг яхши уруш – бўлмаган урушдир”, “Энг яхши ғалаба – урушсиз эришилган ғалабадир” дегандек, касалликнинг олдини олиш ва унинг илк аломатлари кўринганда даволашдан кўра яхши иш йўқ.

Жамиятда турли яралар пайдо бўлмай, олдини олиш барқарорлик кафолати. Бунинг учун жамият доимий ижтимоий тадқиқотлар асосида кузатилиши, ўрганилиши керак. Агар ижтимоий тадқиқотлар тизимли ва илмий асос билан шакллантирилмаса, кундан-кун юзага келаётган муаммолар ҳаммани боши берк кўчага киритиб қўяди.

Ҳар қандай моддий муаммо, у порахўрлик, жинсий тажовуз, ўғирлик, конфликтларнинг кўпайиши, оммавий стресс ва ҳоказо – буларнинг ҳаммаси маънавий етишмовчиликдан бошланади. Маънавий етишмовчилик – ахлоқий меъёрларга амал қилинмаслик, яъни қаноат, ҳаё, камтарлик, шошилмаслик, вазминлик ва шу каби фазилатларнинг инсонларда етишмаслиги улкан-улкан муаммоларга замин ҳозирлайди.

Ижтимоий муаммо жамиятда руҳий беқарорлик пайдо қилади, муносабатлардаги мувозанатга путур етказади. Агар ўз вақтида чора кўрилмаса, шубҳасиз, унинг оқибатида катта-катта инқироз ва таназзуллар юз беради.

Жамиятни мана шундай ҳалокатлардан сақлаш учун давлат институтлари иш олиб боради, хусусан, қонунчилик ҳокимияти бу масалада асосий вазифани бажаради. Қонунлар жамиятда мавжуд барча турдаги муносабатларни тартиблаб, қонунбузарликлар, ҳақсизларга қарши чоралар кўриш билан шуғулланар экан, албатта, бу фаолият замирида маънавий жиҳатлар эътиборга олиниши керак. Шунингдек, қонунларни қабул қилиш ва бекор қилиш оддий ҳодиса эмас, демак, ҳар бир янги қонун ёки ўзгартиришга бўлган эҳтиёж илмий асосланиши шарт. Қонунлар гарчи қуйи палатанинг таклифи ҳамда юқори палатанинг тасдиғи билан амалиётга яқинлашса ҳам, то қонун шаклига киргунча унга бўлган эҳтиёжнинг илмий асоси мавжуд бўлиши керак.

Шубҳасиз, жамиятда муайян кўрсаткичга эга бўлган жиноятлар, масалан, қотиллик, ўғирлик, талончилик, фирибгарлик ва ҳоказо, бир сўз билан айтганда, ижтимоий хавфи катта бўлган жиноятларга қарши қонуний жазолар кодексларда акс этади, аммо масаланинг биз айтмоқчи бўлган жиҳати шуки, мазкур муаммоларнинг жамиятда кўпайиб ёки камаяётгани ҳақида аниқ маълумот зарур. Бу жазоларнинг миқдорини белгилашда аҳамиятли. Яъни муаммо кўлами ҳаддан ташқари кенгайиб кетган бўлса, жазоларнинг қаттиқроқ бўлиши табиий, аммо муаммо ҳали кенг қулоч отиб улгурмаган бўлса, унга маънавий услубда барҳам бериш чоралари бирламчи вазифа ҳисобланиши керак.

Қонунлар инсонийликни ҳимоя қилиши керак. Инсонийлик йўқолса, ҳамма нарса йўқолади. Инсонийлик бу меҳр-муҳаббат, қалбнинг юмшоқлиги, зулм билан муросасизлик, ҳақсизлик қаршисида қатъий шаклда қонун асосида курашмоқ, заиф ва бечораларни тушунишдир. Шунингдек, ҳар бир чора вазиятга мос бўлишига эришиш керак. Яъни берилаётган дори касалликни даволаши керак, уни ўлдириб қўймасин.

Ҳазрат Соҳибқирон Амир Темур муаммоларни ўн қисмга бўлиб, тўққиз қисмини машварат билан ҳал қилишни маъқул кўрар эди. Атиги бир қисмида куч ишлатар эди. Қалбнинг уйғоқлиги ва ақлнинг теранлиги билан мураккаб вазиятларга тушмаслик, балки оғир ҳолатлардан чиқиб кетиш мумкин. Бу эса яна икки ишни – маънавий етуклик ва илмий асосдаги ижтимоий кузатувларни тақозо қилади.

Бизнинг шароитимизда ҳамма томондан яққол кўринаётган муаммолар қуйидагилардир:

Оилалар мустаҳкамлиги. Яъни оилаларнинг ажрашишлари кўпайгани жиддий муаммо. Бу ўринда энг аввало, ёшларга оиланинг қадрини англатиш ва ажрашиш масаласининг мураккаб босқичларини жорий қилиш лозим. Аёл ҳуқуқи ёки гендер тенглиги деган истилоҳлар остида турли кескин қонуний чоралар кутилган натижани бермайди. Аёлга зулм энг аввал, маънавий қолоқликдан келиб чиқади. Демак, энг катта куч эркак ва аёлнинг оиладаги вазифасини англатишга, шунингдек, эр-хотин бир-бирини тушуниши, қадрлаши кераклигини уқтиришга сафарбар қилиниши шарт. Гендер тенглиги таъминлансин дея, аёлнинг ҳаққини кучайтирамиз дея, бир томоннинг қонуний чекловини қувватлаб, иккинчи томоннинг имтиёзларини ошириш билан эр ва хотин орасида душманлик ва адоватни пайдо қилмаслик керак. Инсонларнинг дунёқарашларида фарқлар бор, бир куни хато қилса, бир куни тавба қилиши бор, эр-хотин уруши – дока рўмол қуришидир, кескин қонуний чоралар алал-оқибат оила инқирозига олиб бориши табиий.

Ёшлар тарбиясидаги муаммолар. Ёшлар орасида ичимликбозлик, жиноят, жинсий ҳаётнинг эрта бошланиши, илм ва малакага бўлган рағбатнинг пасайиши, мулоқотдаги етишмовчиликларнинг аломатлари кўпайган. Масалан, онлайн шаклда ўйин ўйновчи болаларнинг дунёқараши бугун бизни жиддий ўйлантириши керак. 2023 йил февралда “Aslam boi” лақабли PUBG ўйинчиси бўлган ўсмир тартиббузарлиги учун ИИБга чақирилганида бир гуруҳ PUBGчи болалар уни ҳимоя қилиш учун кўчага чиқиб гуруҳ бўлиб юришган эди. Муаммо тезда ҳал бўлди, лекин у мутлақо йўқолди дегани эмас, онлайн шаклда PUBGга асир тушган минглаб болаларнинг маънавий ҳолати жиддий ўйланадиган ва илмий текшириладиган ижтимоий ҳодисадир.

Ривожланган давлатларда, хусусан, АҚШда инсонларнинг ишсизлиги, оиласизлиги, гиёҳванд моддаларга муккасидан кетиб, ўзлигини йўқотиш даражаси кенг эканлиги очиқ ҳақиқат. Хусусан, Лас-Вегас шаҳри тагида туннелларда минглаб одамлар ёввойи вазиятда яшаётгани ҳақида интернет манбаларида етарлича ҳужжатлар мавжуд. Шунингдек, Японияда жоҳатсучилик ҳолати ҳам борки, бу ҳодиса ҳам бизнинг эътиборимиздан четда қолиши мумкин эмас. АҚШ ва Япониядаги бу икки ҳолатнинг умумий нуқтаси шуки, одамларга, жамиятга қўшилишни истамаган, оила масъулиятидан қочган кишилар мана шундай ҳаёт тарзини танлаганлар. Улар ҳар қандай кузатув-назоратдан холи бўлишни истайдилар. Яшаш тарзларида мутлақо инсонийлик белгилари мавжуд эмас.

Акром Малик, 

Ижтимоий-маънавий 

тадқиқотлар институти кичик илмий ходими.