Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида олий таълимдан кейинги таълимга қабул қилиш тартиби янгиланди

9

Ҳукуматнинг 2026 йил 19 февралдаги 70-сон қарори билан “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида олий таълимдан кейинги таълимга қабул қилиш ва ўқитиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди. Унга кура Академияда олий таълимдан кейинги таълимга қабул қилиш ва ўқитишниг янги тартиби белгиланди.

Янги тартибга мувофиқ, қабул қуйидаги таълим шакллари бўйича амалга оширилади:

— таянч докторантура;

— докторантура;

— мустақил изланувчилик.

Ҳужжатлар Ягона электрон тизим ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz орқали қабул қилинади.

Таянч докторантура ва докторантурага ҳужжатлар ҳар йили 15 сентябрдан 15 октябрга қадар қабул қилинади. Кириш имтиҳонлари эса 1 ноябрдан 25 ноябргача бўлган муддатда ўтказилади.

Қабул жараёни икки босқичда, 100 баллик баҳолаш тизими асосида ташкил этилади. Биринчи босқичда талабгорлар мутахассислик фанларидан (ёзма, оғзаки ёки тест шаклида) имтиҳон топширади. Иккинчи босқичда эса диссертация режасининг муфассал лойиҳаси тақдимоти ўтказилади.

Кириш имтиҳонлари натижалари имтиҳонлар якунланганидан сўнг Академиянинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Ҳамроз Баянов, ЎзА