Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ривожлантириш: янги босқич ва устувор вазифалар

Муносабат
Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳудудлар тараққиётини таъминлашга, аҳоли фаровонлигини оширишга ва иқтисодий салоҳиятни тўлиқ рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда. Бу жараёнда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани диққатга сазовор.
Давлатимиз раҳбари иштирокида ўтказилган йиғилишда ҳудудда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги, мавжуд имкониятлар ва келгуси вазифалар атрофлича муҳокама қилинди. 2017 йилдан бошлаб Қорақалпоғистон тараққиётида мутлақо янги босқич бошланди. Ҳудудда саноат, хизматлар, энергетика, туризм ва рақамли технологиялар соҳаларида йирик лойиҳалар амалга оширилди. Янги саноат корхоналари, IT парклар, энергетика қувватлари ишга туширилиши иқтисодий ўсишнинг муҳим драйверига айланди.
Статистик кўрсаткичлар бу жараённинг амалий натижасини яққол тасдиқлайди. Жумладан, саноат маҳсулотлари ҳажми 2016 йилга нисбатан бир неча баробар ошди, ялпи ҳудудий маҳсулот эса 8,5 триллион сўмдан 54,3 триллион сўмга етди. Хизматлар соҳасида ҳам барқарор ўсиш кузатилиб, унинг ҳажми 35 триллион сўмдан ошди. Шу билан бирга, инвестицион муҳитни яхшилаш мақсадида жорий этилган имтиёз ва преференциялар иқтисодиётга сармоялар оқимини сезиларли даражада кўпайтирди. Натижада ҳар йили юзлаб лойиҳалар амалга оширилиб, минглаб иш ўринлари яратилди. Фақат 2025 йилнинг ўзида 177 мингдан ортиқ аҳоли бандлиги таъминланиб, 83 минг нафар фуқаро камбағалликдан чиқарилди.
Қорақалпоғистон учун экологик барқарорлик масаласи алоҳида аҳамиятга эга. Орол денгизи қуриши оқибатларини юмшатиш мақсадида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳудуддаги экологик вазиятни босқичма-босқич яхшиламоқда. Қуриб қолган денгиз тубида миллионлаб гектар яшил майдонлар барпо этилиши табиатни тиклаш билан бирга, янги иқтисодий имкониятлар ҳам яратмоқда. Ижтимоий соҳада ҳам салмоқли натижаларга эришилди. Янги таълим, тиббиёт ва инфратузилма объектлари барпо этилмоқда, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифати яхшиланмоқда. Бу эса аҳоли турмуш даражасининг ўсишига хизмат қилмоқда.
Сўнгги йилларда ҳудуд иқтисодиёти таркибида ҳам сифат ўзгаришлари кузатилди. Илгари экспорт улуши паст бўлган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 30 фоизга етди. Умумий экспорт ҳажми эса 2,1 миллиард долларга етди. Қорақалпоғистоннинг табиий ресурслари ва қазилма бойликлари унинг стратегик аҳамиятини янада оширади. Цемент, қурилиш тошлари, гипс, шиша ва бошқа хомашё захиралари йирик саноат кластерларини ташкил этиш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади. Йиғилишда келгуси беш йиллик ривожланиш параметрлари ҳам белгилаб олинди.
Жумладан, ялпи ҳудудий маҳсулотни 102 триллион сўмдан ортиққа етказиш, саноат ва хизматлар соҳасида 7 миллиард доллардан зиёд лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Шу билан бирга, экспортни 900 миллион долларга етказиш, ишсизликни 4,2 фоизгача, камбағалликни эса 3,2 фоизгача камайтириш вазифаси қўйилди. Айрим шаҳар ва туманларни ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантиришга қаратилган манзилли чоралар ишлаб чиқилди.
Келгуси йилларда ҳудудга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмини 2,5 баробар ошириш мақсад қилингани ҳам муҳим аҳамиятга эга. Сунъий интеллект маркази, автомобиль бутловчи қисмлар кластери, базальт толаси ишлаб чиқариш, чиқиндиларни қайта ишлаш каби лойиҳалар иқтисодиётни диверсификация қилишга хизмат қилади.
Ёшлар ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш мақсадида IT университети, стартап технопарк ва интеллектуал марказлар ташкил этиш режалаштирилган. Бу эса Қорақалпоғистонни инновацион ривожланиш нуқтасига айлантириши кутилмоқда. Ҳудуддаги ер ресурсларидан тўлиқ фойдаланиш, иқлимга мос янги экин турларини жорий этиш ва доривор ўсимликлар етиштириш бўйича вазифалар белгиланди. Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш, озуқа ишлаб чиқариш ва агросаноат мажмуаларини ташкил этиш ҳам муҳим устувор йўналишлардан ҳисобланади.
Туризм соҳасини ривожлантириш мақсадида Оролбўйи ва Устюрт платосида глэмпинг зоналари, “Борса келмас” туз кони ҳудудида туризм-рекреацион зонаси, Орол тарихи музейини модернизация қилиш каби лойиҳалар амалга оширилади. Бу ишлар ҳисобига ҳудудга юз минглаб хорижий ва миллионлаб маҳаллий сайёҳларни жалб қилиш режалаштирилган. Қорақалпоғистоннинг транспорт-логистика салоҳиятини ошириш мақсадида Қўнғиротда халқаро стандартларга жавоб берадиган “қуруқ порт” ташкил этиш вазифаси қўйилди. Шунингдек, ичимлик суви таъминоти, йўл қурилиши ва коммунал инфратузилмани яхшилашга катта маблағлар йўналтирилиши белгиланди.
Мухтасар қилиб айтганда, Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ривожлантиришга қаратилган мазкур қарор ва вазифалар ҳудуд иқтисодиётини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Белгиланган чора-тадбирлар изчил амалга оширилса, ҳудуднинг улкан ресурс ва инсон капитали салоҳияти тўлиқ намоён бўлади.
Энг муҳими, бу жараёнлар аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, янги иш ўринлари яратиш ва барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга хизмат қилади. Шу маънода, Қорақалпоғистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар нафақат ҳудуд, балки бутун мамлакат тараққиёти учун муҳим стратегик аҳамият касб этади.
Гулжан Халмуратова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси, Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги