Энди ҳар йили «Ёш тадбиркорлар» чемпионати ўтказилади

13

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Стартапларни қўллаб-қувватлашнинг комплекс экотизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2026 йилдан бошлаб ҳар йили ёшларнинг энг яхши бизнес ва стартап лойиҳаларини аниқлаш ва рағбатлантириш бўйича «Ёш тадбиркорлар» чемпионати ўтказилади.

Унга кўра, чемпионатда иштирок этган 100 тагача бизнес ва стартап лойиҳаларнинг ҳар бирига Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси ва «Yoshlar ventures» венчур жамғармаси маблағлари ҳисобидан 1 миллиард сўмгача инвестиция киритилади.

Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш давлат мақсадли жамғармасига ажратилган маблағлар доирасида стартап ва бизнес лойиҳаларни брендга айлантириш учун молиявий ва маркетинг хизматлари бўйича экспертларнинг базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваригача миқдорда харажатлари тўлаб берилади.

Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси кенгаши чемпионат ғолибларини давлат мукофотлари, «Фаол тадбиркор» ва «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишонларига тавсия этиш учун ваколатли органларга таклифлар киритади.

2026 йил 1 апрелдан бошлаб «Рақамли стартаплар» дастурида иштирок этувчи стартап лойиҳаларга IT-парк резиденти мақоми берилади ҳамда уларга қонунчиликда белгиланган экспортнинг минимал кўрсаткичлари талабисиз тегишли имтиёз ва преференциялардан фойдаланишга рухсат берилади.

2026 йил 1 апрелдан бошлаб Стартап экотизимининг ягона электрон платформасида рўйхатдан ўтган стартап экотизими иштирокчиларига: 

а) масъул ташкилотлар томонидан тегишли соҳаларга оид стартап лойиҳалар бўйича қуйидаги харажатлар қоплаб берилади:

тегишли йўналишлардаги ўқув курсларида ўқиш ва сертификат олиш ҳамда нуфузли акселерация ва инкубация дастурларида иштирок этиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизигача бўлган, бироқ 20 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмаган миқдорда;

патентлаш ҳамда интеллектуал фаолият натижалари ва савдо белгиларини рўйхатдан ўтказиш;

б) Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси ҳисобидан ёшлар стартап лойиҳалари бўйича қуйидагилар ажратилади:

стартап студиялар, инкубация ва акселерация марказларини ташкил этиш учун йилига 20 тагача лойиҳага 1 йил имтиёзли давр билан 5 йилгача муддатга 5 миллиард сўмгача фоизсиз қарз (ссуда);

маҳаллий инкубация ёки акселерация дастурларида иштирок этиш билан боғлиқ бадал тўловлари учун ойма-ой ажратиладиган ва умумий миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан ошмаган грант.

2026 йил 1 апрелдан бошлаб ҳудудларда бевосита Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари раҳбарлигида Стартаплар клуби ташкил этилади ва уларга стартап ташаббускорлари билан ҳар ой учрашиш, давлат органлари билан юзага келган масалалари бўйича амалий кўмак кўрсатиш ҳамда ушбу ҳудуддаги йирик тадбиркорлик субъектларини стартап лойиҳаларга бириктириш вазифалари юкланади.

2026 йилдан бошлаб ҳар йили «Стартап экспо» кўргазмаси ўтказилиши йўлга қуйилади.

ЎзА