Ёшларнинг ҳуқуқий билимлари, янги ислоҳотлар бўйича тушунчалари оширилмоқда

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети Юридик факультетида оммавий ахборот воситалари вакиллари, тюторлар ва талаба-ёшлар иштирокида «Қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқлари» мавзусида медиа-тур ташкил этилди.
Медиа-тур жараёнида иштирокчилар мамлакатимизда ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, суд-ҳуқуқ соҳасидаги янгиланишлар, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро стандартлари ҳақида маълумотларга эга бўлди.
Дастлаб иштирокчилар факультетнинг замонавий ускуналар билан жиҳозланган криминалистика лабораториясида тергов жараёнларида қўлланиладиган техник воситалар, далилларни аниқлаш ва сақлаш усуллари, криминалистик экспертиза турлари билан яқиндан танишди. Мутахассислар томонидан жиноий ҳодисаларни очишда далилларни илмий таҳлил қилишнинг аҳамияти, криминалистик технологияларнинг роли ва замон талабларига тегишли инновацион усуллар ҳақида таъкидланди.
Талаба-ёшларга бармоқ изларини аниқлаш, микрообектлар билан ишлаш, ёзма ҳужжатларни экспертизадан ўтказиш, фото ва видео далиллар билан ишлаш каби амалий кўникмалар бўйича кўргазмалар намойиш этилди. Амалий мисоллар орқали ёшлар ўзларининг назарий билимларини мустаҳкамлаб, келажакда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида ишлаш учун керак бўладиган амалий тажриба элементларини ўрганиш имкониятига эга бўлди.
– Факультетимизда қарийб 50 йилдан буён юрист кадрлар тайёрлаб келинмоқда, – дейди Юридика факультети декани, юридик фанлар доктори, профессор Фарҳод Қутлимуратов. – Таълимнинг кундузги, сиртқи, кечки, масофавий ўқитиш, иккинчи мутахассислик турлари ташкил этилган. Бундан ташқари 5 та мутахассислик бўйича магистратура, таянч докторантура ва ихтисослаштирилган диссертация кенгаши мавжуд. Факультетимизда 4 кафедрада юриспруденция таълим йўналиши, сиёсатшунослик ва маънавият асослари бўйича 3 минг 119 талабага 100 га яқин профессор-ўқитувчилар дарс бериб келмоқда. Талабаларнинг назарий билимларини амалиётда янада мустаҳкамлаш мақсадида бўлажак нотариуслар, коррупцияга қарши курашиш, «Street low,» ёш криминалистлар каби 14 та клуб ва тўгараклар ташкил этилган бўлиб, ўз соҳасининг малакали мутахассислари шу ерда ўз тажрибалари билан ўртоқлашади.
Шундан сўнг медиа-тур иштирокчилари факультетда ташкил этилган ўқув суд залига ташриф буюриб, суд жараёнларининг қандай ташкил этилиши ва амалга оширилиши билан танишди. Суд мажлисининг тузилмаси, судьяларнинг қарор қабул қилиш принциплари, прокурор ва адвокатларнинг процессуал роли, шунингдек, суд этикаси ҳақида батафсил тушунчалар берилди.
Шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш коворкинг маркази фаолияти билан таништирилди. Марказда ёшлар ўртасида коррупцияга қарши иммунитетни шакллантириш, адолат тамойилларини сингдириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумотлар берилди.
– Бугунги медиа-турда иштирок этиш мен учун амалий тажриба бўлди, – дейди талаба Азамат Қўнисбоев. – Ҳуқуқий билимларимиз ошди, янги қабул қилинаётган қонун ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳақида маълумотларга эга бўлдик.
Тадбир якунида иштирокчилар ўртасида фикр алмашув бўлиб, қонун устуворлигини таъминлашда ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқий билимга эга бўлиши, қонунларга ҳурмат билан қараш руҳида тарбияланишининг аҳамияти таъкидланди. Ёшлар томонидан ҳуқуқий билимларни кенг тарғиб қилиш, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ҳамда медиа-турлар ва амалий тадбирларни мунтазам ташкил этиш бўйича қатор ташаббуслар илгари сурилди.

Медиа-тур ёшларнинг ҳуқуқий онгини ривожлантириш, уларни қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, амалий кўникмаларини ошириш ва янги ислоҳотлар мазмунини чуқур тушунтириш йўлида муҳим қадам бўлди. Бундай тадбирлар келгусида ҳуқуқий жамиятнинг мустаҳкам пойдеворини яратишга, ёшларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маданиятини шакллантиришга хизмат қилади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги