Гимнастикачиларимиз 7 та медални қўлга киритди

63

16-20 февраль кунлари Тошкент шаҳрида спорт гимнастикаси бўйича ёшлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди.

Ушбу мусобақада юртимизнинг барча ҳудудларидан энг кучли ёш гимнастикачилар иштирок этди.

Чемпионатда дастлаб жамоавий кўпкураш мусобақалари ўтказилиб, унда Дониёр Пўлатов, Саламат Суевбоев, Рамазон Қўнисбоев ва Алихон Узоқбоевдан иборат республикамиз терма жамоаси Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилояти жамоасидан сўнг фахрли 3-ўринни эгаллашга муваффақ бўлди.

Шунингдек, ушбу мусобақада яккалик баҳсларида иштирок этган Руслан Сағиндиқов иккита олтин ва битта кумуш медалини қўлга киритиб, спорт мухлисларини чексиз қувончга тўлдирди.

Ушбу спорт мусобақасига ёш гимнастикачиларни Улуғбек Адилбеков ва Серик Абуовлар тайёрлади.

– 21 февраль куни Қозоғистоннинг Актау шаҳридан республикамиз спортчилари билан биргаликда ўқув-машғулотларга қатнашиш учун 11 спортчи билан мураббий келди, – дейди гимнастика бўйича Қорақалпоғистон Республикаси терма жамоасининг бош мураббийи Улуғбек Адилбеков. – Ушбу ўқув-машғулотлардан сўнг Нукус шаҳрида халқаро мусобақа ўтказамиз. Шунингдек, 10 март куни замонавий спорт гимнастика марказида Ўзбекистон чемпионати ҳам ўтказилади. Айни кунларда республикамиз жамоаси ушбу мусобақаларга пухта тайёргарлик кўрмоқда.

Албатта, ёш гимнастикачиларимизнинг қўлга киритаётган бу ютуғи республикамизда спорт гимнастикасига қаратилаётган эътиборнинг ёрқин ифодасидир.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси