Яшил ислоҳотлар сари муҳим қадам: Ўзбекистонда мустақил экологик регулятор ташкил этилди

Ҳуқуқий муносабат
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2025 йил 18 ноябрда имзоланган фармон ушбу кенг кўламли ислоҳотга асос бўлди.
ТДЮУ Халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари кафедраси ўқитувчиси Сарбиназ Расбергенова бу борада тушунтириш берди.
–Ислоҳотнинг зарурияти ва институционал аҳамияти шундаки, бундай ўзгаришларга эҳтиёж ерларнинг чўлланиши, сув ресурсларининг ифлосланиши ва биологик хилма-хилликнинг қисқариши каби тобора ортиб бораётган экологик муаммолар билан белгиланади. Ислоҳотнинг муҳим элементи сифатида бевосита Президентга ҳисобот берувчи Миллий экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси ташкил этилди. Экологияни анъанавий вазирлик тизимидан чиқариб, табиатни муҳофаза қилиш масалаларини хавфсизлик ва иқтисодий ривожланиш билан бир қаторда, биринчи даражали давлат вазифасига айлантиради. Қўмитанинг минтақавий бўлинмалари фақат марказга бўйсунади, бу эса маҳаллий сиёсий таъсирларни истисно қилиш ва экологик қарорларнинг холислигини таъминлашга хизмат қилади.
Асосий янгиликлардан бири Экологик назорат бўйича давлат инспекциясининг ташкил этилиши бўлди. У аввал турли идоралар ўртасида тарқалган инспекция ва прокуратура тузилмаларини бирлаштиради ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига яқин ваколатларни олади. Жиддий экологик қонунбузарликларнинг олдини олиш мақсадида инспекторларга жисмоний куч, махсус воситаларни қўллаш ҳуқуқи берилди. Ходимларнинг ҳаракатлари мажбурий равишда боди-камераларга ёзиб олинади, бу эса шаффофлик ва ҳам фуқаролар, ҳам инспекторларнинг ҳимоясини таъминлайди.
2026 йил 1 сентябрга қадар атроф-муҳит мониторинги ва қонунбузарликларни қайд этиш амалга ошириладиган Ягона экологик онлайн платформа жорий этилади. Бундан ташқари, I ва II тоифадаги корхоналар ўз мониторинг станцияларини ўрнатишга мажбурдирлар, акс ҳолда уларга нисбатан юқори компенсация тўловлари қўлланилади. Ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун Давлат мақсадли фонди ташкил этилган бўлиб, у бюджет маблағлари, углерод бирликларидан олинган даромадлар, жарималар ва утилизация йиғимлари ҳисобидан таъминланади. Шунингдек, тадбиркорлик ва аҳолининг иштирокини рағбатлантирувчи «Яшил хайрия фонди» ҳам таъсис этилди.
Хулоса қилиб айтганда, мустақил экологик регуляторнинг яратилиши табиатни муҳофаза қилишни бошқаришнинг янги моделига ўтишни англатади. Бу модел институционал мустақиллик, кучайтирилган назорат ва табиатни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, мониторингни рақамлаштириш, барқарор молиялаштириш ҳамда аҳоли иштирокининг кенгайиши билан тавсифланади. Бу қадам мамлакатимизнинг узоқ муддатли барқарор ривожланишни танлаганини акс эттиради.
Гулноза Бобоева, ЎзА