Малика Икромова: Ҳар бир давлат учун сувдан оқилона ва самарали фойдаланиш устувор вазифага айланмоқда
Сув ресурслари ҳар бир мамлакатнинг иқтисодиёти ва экологияси учун муҳим аҳамиятга эга. Ҳозирги кунда глобал иқлим ўзгариши, аҳоли сонининг ортиши ва саноат ҳамда қишлоқ хўжалиги фаолиятининг кенгайиши сувга бўлган талабни сезиларли даражада оширмоқда. Шу боис, сув ресурсларини оқилона ва самарали бошқариш, улардан тежамкорона фойдаланиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Сув ресурслари самарадорлигини ошириш нафақат қишлоқ хўжалиги ва саноатда маҳсулдорликни юксалтириш, балки экологик барқарорликни таъминлаш ва аҳолининг ҳаёт даражасини яхшилашда ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти Сув ресурсларидан комплекс фойдаланиш лабораторияси мудири, техника фанлари доктори, профессор Малика Икромова билан суҳбатимиз ҳам айнан сув ресурслари ва ундан самарали фойдаланиш масалаларига бағишланди.
–Биламизки, сув барчамиз учун катта неъмат. Ҳозирги замон биздан бу неъматга муносабатни янада чуқурлаштириш ва сувдан оқилона фойдаланишни талаб этмоқда. Шу нуқтаи назардан қараганда, сув ресурсларидан самарали фойдаланишда кўпроқ нималарга эътибор қаратиш зарур?
–Дарҳақиқат, сувни исроф қилмаслик биз учун миллий удумга айланган. Негаки, сувнинг олий қиммати ва уни қадрлаш тушунчаси ҳар бир оиладан бошланади. Оилада сувни тежаш бўйича бошланғич кўникмалар шакллантирилади. Аммо глобал ҳаёт шароитида сув ресурслари тақчиллиги ортиб бораётган ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш долзарб масалага айланган бир пайтда, сувдан оқилона ва самарали фойдаланиш ҳар қандай давлат учун устувор вазифага айланмоқда. Шу билан бирга, сувдан самарали фойдаланиш табиий экотизимларни сақлаб қолиш учун ҳам ҳаётий аҳамиятга эга.
Ҳозирги глобал иқлим ўзгариши, аҳоли сонининг ортиши ва саноат ҳамда қишлоқ хўжалигининг кенгайиши сувга бўлган талабни сезиларли даражада оширмоқда. Шу боис, ҳар қандай давлат учун сувдан оқилона ва самарали фойдаланиш устувор вазифалардан бирига айланган. Бу нафақат қишлоқ хўжалиги ва саноатда самарадорликни ошириш, балки сув таъминоти манбаларига юкламани камайтириш ва инсонлар учун барқарор ҳаёт муҳитини сақлаш имконини беради.
Шу маънода, сув ресурсларидан самарали фойдаланишда, аввало, давлат сиёсати ҳамда ҳамжиҳатлик муҳим ҳисобланади.
– Сувни тежайдиган технологияларнинг самарадорлиги ва иқтисодий аҳамияти ҳақида ҳам тўхталсангиз. Умуман, бу жараён натижаларини қандай баҳолайсиз?
– Ҳозирги шароитда сув тежайдиган технологияларни жорий этиш тизимини такомиллаштириш муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралдаги “Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни рағбатлантириш бўйича янги тартиблар жорий этилмоқда.
Сув тежайдиган технологиялар сувни тўғридан-тўғри ўсимлик илдизига етказиш, буғланиш ва ер усти оқимида йўл қўйиладиган исрофгарчиликни камайтиришга ёрдам беради. Масалан, томчилатиб суғориш билан сув ўз вақтида ва аниқ миқдорда етказилади, ёмғирлатиб суғориш эса майдонларда сувни бир текис тақсимлаш имконини яратади. Шунингдек, лазерли текислашда суғориш майдонлари яхшироқ ҳамда самарали суғорилади.
Рақамлар билан изоҳлаганда, мазкур қарорда 2026-2028 йилларда сув тежовчи технологиялар жорий қилинган майдонлар ҳажмини 3,5 миллион гектарга етказиш асосий мақсадли кўрсаткич сифатида белгиланган. Жумладан, 220 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш натижасида сувни тўғридан-тўғри ўсимлик илдизига етказиш, буғланиш ва ер усти оқимида йўл қўйиладиган исрофгарчиликни камайтириш, 110 минг гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш ва 600 минг гектар майдонни лазерли текислаш орқали суғоришда сувни самарали ва бир текис тақсимлаш имконияти яратилади.
Бундай технологиялар йилига 5 миллиард метр куб сувни тежаш имконини беради. Бу сувни бошқа эҳтиёжларга йўналтириш, сув таъминоти манбаларига юкламани камайтириш ва қишлоқ хўжалигининг қурғоқчиликка чидамлилигини оширишга замин яратади. Молиявий жиҳатдан эса тижорат банклари ва давлат субсидиялари билан фермерлар ва қишлоқ хўжалиги корхоналари сувни тежайдиган тизимларни жорий этиш ва модернизация қилиш учун зарур маблағларга эга бўлади.
– Давлат сув ресурсларидан фойдаланишни қандай қўллаб-қувватлайди ва назорат қилади?
– Бу ишлар ижросида юқорида зикр этилган Президент қарорининг ижросини таъминлаш асосий омил ҳисобланади. Демак, давлат сув ресурсларидан самарали фойдаланишни кредитлар ва субсидиялар асносида молиявий қўллаб-қувватлайди. 2026 йилда фермерлар ва корхоналар учун тижорат банклари томонидан 2,6 триллион сўм кредитлар ажратилиши ва 800 миллиард сўм давлат субсидиялари тақдим этилиши режалаштирилган. Шунингдек, 2027 йилдан сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқлар табақалаштирилган ставкалар асосида белгиланади, яъни сув билан таъминланганлик даражасига қараб ҳар бир фермер ёки корхона солиқ тўлайди.
Сув таъминоти ҳолатини аниқлаш учун ҳар йили қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар рўйхатлари ишлаб чиқилади ва уларда сув манбаларидаги вегетация давридаги сувлилик даражаси таҳлил қилинади. Бу ёндашув давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва солиққа тортишда адолатни таъминлайди ҳамда ҳар бир фермернинг сув билан таъминланганлик ҳолати аниқ ва шаффоф бўлади.
–Сув истеъмоли мониторинги ва “ақлли” технологияларни жорий этишнинг аҳамияти нималардан иборат?
– Сув истеъмоли мониторингини такомиллаштириш мақсадида 2027 йилдан тадбиркорлик субъектлари учун сувни “ақлли” ўлчаш ва ҳисобга олиш воситаларини ўрнатиш мажбурий қилинади. Бу воситалар Сув хўжалиги вазирлигининг «Сув ҳисоби» ахборот тизимига интеграция қилиниб, ягона марказлашган тизим яратилади. Бу сув ресурсларини назорат қилиш, самарали бошқариш ва шаффофликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Шунингдек, мунтазам сувни таҳлил қилиш иқлим ўзгаришларига тезкор жавоб бериш ва сувдан фойдаланиш сиёсатини ўзгартириш имконини беради. Бу чора-тадбирлар иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги ва табиий экотизимларни сақлашда инновацион ёндашувларни кенг татбиқ қилишни таъминлайди.
– “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида белгиланган устувор вазифаларга асосан сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ишлари қандай ташкил этилади?
– Мамлакатимизда сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 16 февралдаги “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги фармонида ҳам бу масала устувор йўналиш сифатида белгиланган. Фармонда экологик мувозанатни сақлаш ва сувдан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилган асосий тадбирлар кўрсатиб ўтилган.
Жумладан, очиқ дренаж, коллектор ва каналларни ёпиқ тизимларга ўтказиш билан сув йўқотилишини камайтириш, 504 минг гектар майдонда сув тежайдиган технологияларни жорий қилиш асосида йилига 5 миллиард куб метр сувни тежаш, шунингдек, 1,3 минг километр каналлар ва суғориш тармоқларини бетонлаштириш натижасида қўшимча 500 миллион метр куб сувни тежаш имкониятлари яратилади.
Айтиш керакки, бу чора-тадбирлар нафақат сув ресурсларини тежаш, балки қишлоқ хўжалиги майдонларини самарали суғориш, экотизимларни сақлаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
ЎзА мухбири
Насиба Зиёдуллаева суҳбатлашди.