ТДТ мамлакатлари савдо бўйича ҳамкорлик меморандумини имзолади
24
Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) иқтисодиёт ва савдо вазирларининг 14-йиғилиши Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида бўлиб ўтди.
Тадбирда кўп томонлама савдо ва инвестицияни ривожлантириш, рақамли трансформация, транспорт ва логистика ҳамда Ўрта йўлак самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар ташкилот доирасида иқтисодий ҳамкорлик кўламини кенгайтириш, ўзаро савдони ривожлантириш чоралари кўрилаётганини бир овоздан тасдиқладилар. Хусусан, айни жараёнда Ўзбекистон, Озарбайжон, Қирғизистон ва Қозоғистон бирга ташкил этган инвестиция жамғармаси кўмагида турли лойиҳалар молиялаштирилаётгани таъкидланди.
Анжуман якунида савдо соҳасида ҳамкорлик бўйича қўшма коммюнике ва ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Кейинги йиғилишга йилнинг иккинчи ярмида Озарбайжон мезбонлик қилиши айтилди.
С.Раҳимов, ЎзА