Чиқинди хизматида янги тартиб: тўлов фақат ҳақиқий хизмат учун

19

Сўнгги йилларда коммунал хизматлар соҳасини шаффофлаштириш ва аҳоли учун қулайликларни ошириш давлат сиёсатида устувор йўналишлардан бирига айланди.

Айниқса, чиқиндиларни бошқариш тизимини тартибга солиш, ноқонуний тўловларни камайтириш ва хизмат сифати устидан назоратни кучайтириш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Шу мақсадда 2026 йилдан бошлаб қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб кетиш хизматида мутлақо янги тўлов механизми жорий этилди.

Мавжуд тартибга асосан жорий 2026 йил 1 январдан бошлаб қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб кетиш хизмати учун ҳақ тўлашнинг янги тартиби кучга кирди. Унга кўра, санитар тозалаш соҳасида истеъмолчилардан фақатгина амалда кўрсатилган хизмат учун тўлов ҳисобланади ва барча ҳисоб-китоблар онлайн тизимлар орқали амалга оширилади. Онлайн тўлов тизими бир қатор қулайликларни тақдим этади.

Энди аҳоли тўловни исталган вақт ва жойда амалга ошириши мумкин, банкка бориш ёки навбат кутишга ҳожат йўқ. Шунингдек, ҳисобларни текшириш, тўлов чекларини юклаб олиш ва хизмат жараёнини назорат қилиш анча осонлашди.

Энг муҳими, бу тизим ноқонуний тўловлар ва маблағларни яшириш ҳолатларининг олдини олиб, соҳада шаффофликни таъминлайди.

Янги тартибга мувофиқ, аҳолидан тушган маблағлар тўғридан-тўғри санитар корхоналарга эмас, балки давлат назоратидаги махсус ҳисоб-рақамига йўналтирилади. Бу ҳисоб-рақам Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги томонидан юритилади. Кейинчалик операторларга ҳақ фақат ҳақиқий бажарилган иш ҳажми — чиқинди тоннаси ва махсус техниканинг босиб ўтган масофасига қараб тўлаб берилади.

Шу билан бирга, санитар корхоналар фаолияти ҳар ой баҳоланиб, “қизил”, “сариқ” ва “яшил” тоифаларга ажратилади. Баҳо тўловга бевосита таъсир қилади: хизмат сифати паст бўлса, жарима қўлланади, ҳатто шартнома бекор қилиниши ҳам мумкин.

Маълумотларга кўра, ҳозирнинг ўзида 14 та корхона “қизил” тоифага тушиб, жаримага тортилди, иккита корхона билан шартнома бекор қилинди.

Шунингдек, амалда кўрсатилмаган хизматлар учун ҳисобланган 11,9 миллиард сўмлик нореал қарздорликлар электрон тизимдан чиқарилди.

Соҳада рақамлаштириш жараёни ҳам жадал давом этмоқда. “Тоза Макон” ягона электрон биллинг тизимига республика бўйича 9 минг 430 та маҳалла ва 7,1 миллион абонент уланган.

Электрон харитага минглаб чиқинди йиғиш нуқталари киритилган, махсус техниканинг аксар қисми GPS орқали кузатилмоқда, юзлаб майдонча ва техникалар онлайн камералар билан назорат қилинмоқда. 2030 йилга қадар бу назоратни 100 фоизга етказиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, биллинг тизимининг электр таъминоти билан интеграция қилиниши соҳани тўлиқ рақамлаштириш ва хизмат кўрсатувчилардан юқори сифат талаб қилиш имкониятини янада кенгайтирди.

Қисқача айтганда, чиқиндиларни олиб кетиш хизматининг янги тизими — шаффофлик, адолатли тўлов ва қатъий назоратни таъминлашга қаратилган муҳим қадам бўлди. Энди аҳоли фақат ҳақиқий хизмат учун ҳақ тўлайди, хизмат кўрсатувчилар эса натижага қараб баҳоланади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА