Экиш мавсумига тайёргарлик бўйича кўргазмали семинар ўтказилди
Қўнғирот туманида 2026 йил ҳосили учун экиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш ва қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов, туман ҳокимлиги масъул ходимлари, тармоқ ташкилотлари раҳбарлари, фермер хўжаликлари раҳбарлари ва қишлоқ хўжалиги мутахассислари иштирок этди.
Семинар доирасида иштирокчиларга экиш ва парваришлаш жараёнларида фойдаланиладиган замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари, агротехнологик воситалар ва моддий ресурслар кўргазмали тарзда намойиш этилди.
Тадбирда 2026 йил ҳосили учун экиш ишларини самарали ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги техникаларининг техник ҳолати ва мавсумга тайёргарлигини таъминлаш, минерал ўғитлар, гербицидлар ва бошқа зарур воситалар билан ўз вақтида таъминлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Шунингдек, экиш техникаларини отрядлар кесимида самарали тақсимлаш, фермер хўжаликларига амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда замонавий “Shinjon” усули асосида плёнка қоплаш ва томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш орқали юқори ҳосилдорликка эришиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Таъкидланганидек, мазкур семинар 2026 йил ҳосили учун мустаҳкам замин яратиш, қишлоқ хўжалигида самарадорликни ошириш ва соҳада илғор технологияларни кенг жорий этишда муҳим аҳамият касб этади.
Семинар давомида иштирокчилар мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги