«Қадри бор элда ҳақон ҳар шоир»

8

Мамлакатимизда ёш авлоднинг китобга бўлган қизиқишини ошириш, уларнинг маънавий оламини юксалтириш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил 15 январда қабул қилинган «Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида таълим масканларида кўплаб тадбирлар ташкил этилмоқда.

Шундай тадбирларнинг давоми сифатида, жорий йилнинг 17 февраль куни Нукус шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли 19-сонли умумий ўрта таълим мактабида Ўзбекистон халқ шоири Бахтиёр Генжемуратов билан «Қадри бор юртда қаҳон ҳар шоир» мавзусида адабий-мулоқот кечаси бўлиб ўтди.

Учрашув давомида шоир ўзининг ижодий йўли, илк шеърларининг ёзилиш тарихи ва ўқувчилик давридаги қизиқарли воқеалар ҳақида сўзлаб бериб, ўқувчиларнинг қизиқтирган саволларига жавоб берди.

Тадбирда мактабнинг иқтидорли ўқувчилари томонидан шоирнинг «Мўдахон ва Чин ипагидаги битик» асари асосида тайёрланган саҳна кўриниши намойиш этилиб, йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Шунингдек, кеча давомида ўқувчилар шоир шеърларини бадиий ўқиб берди.

– Кечани ўтказишдан асосий мақсад ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш ва миллий адабиётимизга бўлган меҳрни уйғотишдан иборат, – дейди тадбир ташкилотчиларидан бири Айгул Қосназарова.

Ўтказилган тадбир якунида ўқувчилар халқимизнинг севимли шоири билан яқиндан суҳбатлашиб, ундан руҳий озуқа олди.

Саодат Шамшетдинова,

Бердақ номидаги ҚДУнинг Амалий филология факультети ўқитувчиси.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги