Вашингтонда AIEA глобал таълим конференциясида Ўзбекистон ташаббуслари юқори баҳоланди

Ислоҳотлар ҳамиша инсоният учун хизмат қилиши бот-бот таъкидланади. Аммо амалга оширилаётган ташаббуслар ортидаги меҳнатлар эътироф этилса, бу истиқболли келажакка бўлган ишончни янада орттиради. Сир эмаски, юртимизда таълимни ислоҳ қилиш йўлида тинимсиз изланишлар ва амалий ҳаракатлар олиб борилмоқда. Қувонарлиси, меҳнатлар бесамар кетмаяпти.
Халқаро таълим маъмурлари уюшмасининг (AIEA) нуфузли йиллик конференцияси ўз ишини бошлади.
АҚШнинг Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтаётган ушбу нуфузли конференциянинг тантанали очилиш маросимида AIEA президенти, фан доктори ҳамда Гарвард университети битирувчиси Пауло Загало-Мело дастурий нутқида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб, инновацион таълим экотизимларини шакллантиришда AIEA платформасининг ўрни муҳим эканини алоҳида таъкидлади.

Қувонарлиси шундаки, нутқ давомида Ўзбекистон Республикасига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, Пауло Загало-Мело мамлакатимизда таълим тизимини трансформация қилишга қаратилган стратегик ташаббуслар ҳамда унинг жаҳон академик ҳамжамиятига фаол интеграциялашувини қўллаб-қувватлаб, Ўзбекистон таълим муассасаларининг халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.

Таъкидлаш жоизки, ушбу юқори даражадаги эътироф Ўзбекистонда таълим соҳасини модернизация қилиш борасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг халқаро миқёсда ҳам тан олинаётганини яна бир бор тасдиқлади.
Шуни айтиш керакки, мазкур эътироф илғор хорижий тажрибаларни жалб қилиш ва янги ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш учун муҳим имкониятлар яратади.
Шербек Исломов, ЎзА