210 мингдан ортиқ хотин-қизларнинг ишга жойлашишига кўмаклашилади

17

Шарҳ

“Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” Давлат дастурида бир қатор йўналишларда долзарб вазифалар белгилаб берилди. Жумладан, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий фаоллигини ошириш ва гендер тенгликни таъминлаш йўналишида ҳам бир қатор мақсад-вазифалар ўз аксини топган.

Хусусан, хотин-қизларни меҳнат бозорида рақобатбардош касб-ҳунар турларига ўқитиш орқали бандлигини таъминлашга кўмаклашиш ҳамда улар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида 124 минг 254 нафар хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, 210 минг 242 нафар хотин-қизларга ишга жойлашишига кўмаклашиш, 43 минг 620 нафар хотин-қизларни тадбиркорликка ўқитиш чораларини кўриш режалаштирилган.

Бунда ишсиз ва даромад топиш истагидаги хотин-қизлар қисқа муддатли ўқув курсларга жалб қилинади, ишлаш истагидаги хотин-қизлар учун бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркалари ташкил этилади.

Шунингдек, ахборот технологиялари соҳасида 100 минг нафар хотин-қизлар саводхонлигини ошириш мақсади назарда тутилган. Бу эса аёл ва қизларимизнинг тобора ривожланиб бораётган ахборот технологиялари соҳасида билим ва малака ошириш орқали янги даромад топиш имкониятларини кенгайтиради.

Бундан ташқари, 1 минг 91 та маҳаллада хусусий секторларни жалб қилган ҳолда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказларини ташкил этиш мақсади ўз аксини топган.

Ушбу йўналишдаги вазифалар юртимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни изчил давом эттириш, пировардида, уларнинг ишли ва даромадли бўлишига хизмат қилади. Тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш орқали эса ўзи сингари яна бир нечта хотин-қизларнинг бандлигига кўмаклашиш имкони юзага келади.

Муҳтарама Комилова, ЎзА