Ўзбекистон – Саудия Арабистони ҳамкорлиги: тарихий илдизлар, замонавий тараққиёт уйғунлиги

28

20 февраль – Ўзбекистон Республикаси ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилган кун сифатида тарихга муҳрланган. Бу сана икки биродар халқ ўртасидаги замонавий ҳамкорликнинг янги босқичи бошланган муҳим нуқта ҳисобланади.

Умуман, мазкур муносабатлар нафақат сиёсий ва иқтисодий манфаат, балки асрлар синовидан ўтган муштарак тарих, муқаддас ислом дини ва умумий маънавий қадриятларга таянади. Тарихан Буюк Ипак йўли орқали боғланган алоқалар илм-фан, маданият ва маърифат алмашинувида ўзига хос кўприк вазифасини ўтаган. Бунинг ёрқин тимсолларидан бири бутун ислом олами фахри Имом Бухорий ҳазратларидир. Ул зот илм талаби, ҳадис илми тарғиботи йўлида Макка ва Мадина шаҳарларида кўп йил яшаб, фаолият юритган. Айни ҳолат икки юрт ўртасидаги маънавий боғлиқликнинг чуқур илдизларидан далолат.

Муқаддас шаҳарларда аждодларимиз томонидан барпо этилган, “Бухорийлар” номи билан машҳур маҳаллалар, тарихий работлар ҳам ришталар нақадар қадимий ва мустаҳкамлигини тасдиқлайди. Диний соҳадаги ҳамкорлик ҳам муносабатларимизнинг асосий устунларидан бири саналади. Сўнгги йилларда давлат раҳбарлари саъй-ҳаракатлари натижасида юртдошларимиз учун Ҳаж ва Умра зиёратини адо этиш учун мисли кўрилмаган кенг имкониятлар яратилди.

Зиёратчилар учун ташкилий жараён такомиллаштирилди, ўринлар сони сезиларли даражада оширилди, замонавий хизмат кўрсатиш тизими жорий этилди. Буган нафақат фуқароларимиз муқаддас фарзни адо этиши учун шароит яратилмоқда, балки икки халқ ўртасидаги диний-маърифий мулоқот ҳам мустаҳкамламоқда.

Сиёсий мулоқот юксак даражага кўтарилган. Ўзаро расмий ташрифлар, олий даражадаги учрашувлар ва халқаро майдондаги муносабат ишончли, барқарор тус олди. Хусусан, Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги шериклик умумий манфаатни илгари суришда муҳим аҳамият касб этади.

Иқтисодий йўналишда ҳам ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Саудия республикамиз иқтисодиётига энг кўп сармоя киритаётган давлатлардан бирига айланган. Айниқса, “Яшил энергия” ва қайта тикланувчи энергетика соҳасидаги лойиҳалар алоҳида эътиборга лойиқ. Дунёга машҳур“ACWA Power” энергетика компанияси томонидан амалга оширилаётган қатор лойиҳалар мамлакатимизда шамол ва қуёш электр станциялари барпо этиш, энергия самарадорлигини ошириш ҳамда экологик барқарорликни таъминлашга хизмат қилмоқда. Бу жараён “Ўзбекистон-2030” тараққиёт стратегияси ҳамда “Saudi Vision-2030” дастури ўзаро уйғунлиги асосида изчил давом этмоқда.

Маданий-гуманитар соҳада ҳам алоқалар кўлами тобора кенгаймоқда. Қўлёзмаларни тадқиқ этиш, ислом цивилизацияси меросини ўрганиш, илмий анжуман ва кўргазмалар ташкил этиш орқали икки халқ маънавий жиҳатдан янада яқинлашмоқда. Олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик, талабалар ва олимлар алмашинуви эса зиёли келажак авлодлар учун мустаҳкам пойдевор яратмоқда.

Хулоса шуки, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги муносабатлар нафақат икки давлат манфаатига, балки бутун ислом оламида тинчлик, барқарорлик ва маърифатни қарор топтиришга хизмат қилмоқда. Асрлар давомида шаклланган маънавий ришталар бугунги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаб, янги мазмун ва сифат билан бойитмоқда.

Фардона Яхшибоева, ЎзА