Олий судда янги судьялар қасамёд қабул қилди

Олий суд пленумининг навбатдан ташқари мажлисида айрим жиноят ишлари бўйича шаҳар ва туман судларига илк бор судьялик лавозимига тайинланган судьяларнинг қасамёд қабул қилиш маросими ўтказилди.
Мажлисда Судьялар олий кенгашининг 2026 йил 17 февралдаги қарорига мувофиқ судьялик лавозимда бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига тайинланган Юнусали Жаҳонгиров, Рўзи Назаров, Мусурмон Эшқувватов, Шуҳрат Ражабов ва Наим Набиевнинг қасамёди эшитилди.

Олий суд раиси Бахтиёр Исломов янги тайинланган судьяларга фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини, давлат ва жамоат манфаатларини, юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат фаолиятида қабул қилган қасамёдга содиқ бўлиш зарурлигини таъкидлади.
Тадбирда иштирок этган судьяларнинг яқинлари уларга эзгу тилакларни билдирди.
Қасамёд қабул қилган 5 нафар янги судьяга судьялик гувоҳномалари билан бирга «Судьялар одоби кодекси» топширилди.
***
Судьялар олий кенгашининг навбатдаги қарорлари билан эса 7 нафар судья судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик даврига, 12 нафар судья ваколат муддати даврига бошқа лавозимларга тайинланди. Шу билан бирга, ёзма аризасига биноан 7 нафар судья лавозимидан озод этилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА