«УзТест” фаолияти тугатилди: Техник тартибга солиш тизимида тузилмавий ўзгаришлар

15

Ўзбекистонда техник жиҳатдан тартибга солиш ва сифат инфратузилмасини такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда.

2026 йил 16 февраль куни қабул қилинган Президентимизнинг “Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ислоҳотларни илғор халқаро амалиёт асосида жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида соҳани илғор халқаро амалиёт асосида тубдан модернизация қилишнинг устувор вазифалари белгилаб берилди.

Мазкур ҳужжатда миллий сифат тизимини халқаро стандартлар даражасига олиб чиқиш, аккредитация ва мувофиқликни баҳолаш жараёнларини шаффоф ҳамда самарали ташкил этиш, шунингдек, мамлакатнинг глобал рейтинглардаги ўрнини яхшилаш мақсад қилинган.

Ҳужжатга кўра, мамлакатда миллий сифат инфратузилмасини ривожлантириш устувор вазифалардан бири этиб белгиланган.

Фармонда 2026 йил учун қатор аниқ мақсадли кўрсаткичлар назарда тутилган. Жумладан, Барқарор ривожланиш учун сифат инфратузилмаси индексида Ўзбекистоннинг ўрнини камида 20 поғонага яхшилаш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, Халқаро тарози ва ўлчовлар бюроси томонидан эътироф этилган калибрлаш имкониятлари сонини 2,5 баробарга ошириш ҳамда халқаро даражада тан олинган аккредитация хизматлари улушини камида 80 фоизга етказиш кўзда тутилган.

Ташкилий ўзгаришлар ҳам амалга оширилади.

Хусусан, Ўзбекистон аккредитация маркази Вазирлар Маҳкамаси бўйсунувига ўтказилади. Бундан ташқари, Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази фаолияти тугатилиб, унинг таркибидаги мувофиқликни баҳолаш органлари бекор қилинади.

Шу билан бирга, Ўзбекистон стандартлар институти мазкур марказни ўз таркибига қўшиб олиш орқали қайта ташкил этилади.

Ҳамроз Баянов, ЎзА