Ўзбекистонда кредит фоизлари нима учун юқори? (+видео)

22

Бугун Ўзбекистонда кредитсиз инсонни топиш деярли имконсиз. Автомобиль керакми — кредит бор. Пул етишмаяптими — кредит. Телефон ёки маиший техника харид қилмоқчимисиз — муддатли тўлов хизматингизда. Қисқаси, кредит бугун танлов эмас, балки кўпчилик учун мажбурий эҳтиёжга айланди.

Марказий банк маълумотларига кўра, 2025 йилда аҳолининг банклар олдидаги жами қарзи қарийб 595 триллион сўмни ташкил этган. Аммо асосий муаммо қарз ҳажмида эмас, балки кредит фоизларининг юқорилигида.

Ҳозирда тижорат банкларида кредитлар бўйича ўртача фоиз ставкаси 23–24 фоиз атрофида. Айрим банкларда бу кўрсаткич 49 фоизгача, кредит карталари бўйича эса 74,9 фоизгача етиши мумкин.

Нега Ўзбекистонда кредит фоизлари юқори? Бу саволга жавоб топиш учун Банк-молия академияси катта ўқитувчиси, иқтисодчи-эксперт Ҳамид Раҳматов билан суҳбатлашдик.

— Нима учун Ўзбекистонда кредит фоиз ставкалари юқори?

— The Global Economy томонидан тўпланган статистика асосида Ўзбекистон 83 та мамлакат орасида кредит фоизлари юқорилиги бўйича дунёда 7-ўринда, Осиёда эса 1-ўринда туради.

Марказий банк маълумотларига кўра, 2024 йилнинг дастлабки 9 ойида тижорат банклари томонидан жисмоний шахсларга берилган кредитлар бўйича ўртача фоиз ставкаси 24,5 фоизни ташкил этган. Бу кўрсаткичга имтиёзли ва микрокредитлар киритилмаган.

Айни пайтда аҳоли энг кўп фойдаланадиган микрокредитлар бўйича фоиз ставкалари янада юқори. Давлат банкларида бундай кредитлар ўртача 30–35 фоиз, онлайн кредит берувчи рақамли банкларда эса 49 фоизгача етиши мумкин. Амалда кўплаб кредитлар 40–49 фоиз оралиғида бериляпти.

Кредитларнинг қимматлиги бир қатор фундаментал иқтисодий, сиёсий ва ҳуқуқий омиллар билан боғлиқ:

Юқори инфляция — банклар келажакда пул қадрсизланиш хавфини ҳисобга олиб, фоиз ставкаларини оширади.

Қиммат молиявий ресурслар — Ўзбекистоннинг халқаро кредит рейтинги нисбатан паст бўлгани сабабли банклар ташқи маблағларни юқори фоизлар эвазига жалб қилади. Бу эса кредитлар нархига тўғридан-тўғри таъсир қилади.

Юқори риск даражаси — кредит тўловларининг кечикиши, аҳолининг реал тўлов қобилияти ҳақида тўлиқ ахборот мавжуд эмаслиги банклар учун хавфни оширади ва бу фоиз ставкаларида акс этади.

Ушбу муаммолар ҳал этилмас экан, кредитлар арзонлашиши қийин. Бунинг учун инфляцияни пасайтириш, банк тизимида рақобатни кучайтириш ва аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш муҳим аҳамиятга эга.

— Сизнинг кредитга муносабатингиз қандай?

– Менинг кредитга муносабатим эҳтиёткор ва танқидий ёндашувга асосланади. Амалда мен кредит хизматларидан фойдаланмайман ва қарз мажбуриятларини ўз зиммамга олмасликни афзал кўраман. Бу қарор молиявий имконият йўқлиги билан эмас, балки кредитлаш амалиётининг салбий оқибатларини онгли равишда таҳлил қилиш натижасида шаклланган.

Аввало, юқори фоиз ставкалари қарз олувчи учун узоқ муддатли молиявий юкни юзага келтиради. Фоиз тўловлари реал даромаднинг салмоқли қисмини эгаллаб, жамғарма шакллантириш имкониятларини чеклайди ва молиявий барқарорликка салбий таъсир кўрсатади.

Иккинчидан, ноаниқ иқтисодий шароитларда кредит мажбуриятлари жиддий хавф-хатарларни келтириб чиқаради. Даромад барқарор эмаслиги ёки инфляциянинг юқорилиги қарзларни ўз вақтида қайтариш имкониятини пасайтиради ва қарздорлик юкининг ошиб боришига олиб келади.

Учинчидан, кредитга ортиқча таяниш истеъмол маданиятининг номутаносиб шаклланишига сабаб бўлади. Қарз ҳисобидан қилинган истеъмол реал қиймат яратмасдан, келажакдаги даромадларни олдиндан сарфлашни англатади.

Шу боис, мен молиявий фаолиятда асосан ўз маблағларим ҳисобидан ҳаракат қилишни, даромад ва харажат ўртасида мувозанатни сақлашни ҳамда жамғарма ва инвестицияга асосланган ёндашувни энг мақбул стратегия деб биламан.

— Кредит бутун дунёда кенг қўлланилади. Чет эл тажрибасидан нималарни ўрганиш мумкин?

– Кредит муносабатлари жаҳон иқтисодиётининг ажралмас қисми ҳисобланади. Бироқ кредит ажратиш шартлари мамлакатдан мамлакатга сезиларли даражада фарқ қилади. Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, кредит тизимини аҳоли учун қулай қилишда институционал, ҳуқуқий ва технологик омиллар ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Ривожланган мамлакатларда қарз олувчининг тўлов қобилияти шаффоф кредит скоринг тизимлари орқали баҳоланади. АҚШ ва Европа давлатларида ушбу тизим банк ва мижоз учун бирдек тушунарли бўлиб, субъектив қарорларни камайтиради. Ўзбекистон учун ҳам кредит-скорингни такомиллаштириш ва унинг ишлаш тамойилларини аҳолига очиқ тушунтириш муҳим.

Шунингдек, паст инфляция ва соғлом рақобат муҳити фоиз ставкаларини пасайтиришда асосий омил ҳисобланади. Ривожланган мамлакатларда макроиқтисодий барқарорлик кредит ресурсларини арзонлаштиришга хизмат қилади. Ўзбекистон учун бу борада инфляцияни изчил пасайтириш ва банклар ўртасида рақобатни кучайтириш муҳим вазифа бўлиб қолмоқда.

Шу билан бирга, ривожланган мамлакатларда қарз олувчиларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилади. Масалан, Европа Иттифоқида “Истеъмолчи кредити тўғрисида”ги директиваларга мувофиқ, кредит олувчига барча тўловлар, яширин комиссиялар ҳамда ҳақиқий фоиз ставкаси (APR) тўлиқ ва очиқ шаклда тақдим этилиши шарт. Ўзбекистонда ҳам кредит шартномаларини тил ва мазмун жиҳатидан аҳоли учун янада содда ва тушунарли қилиш долзарб вазифа ҳисобланади.

Халқаро амалиётда рақамли банкчилик ва финтех ечимларининг жорий этилиши кредитга кириш имкониятларини сезиларли даражада кенгайтирди. Жанубий Корея, Сингапур ва Эстония каби мамлакатларда онлайн идентификация, электрон шартномалар ва масофавий кредит ажратиш тизимлари орқали вақт ва харажатлар қисқартирилган. Ўзбекистон учун ҳам кредит жараёнларини рақамлаштириш ва бюрократик тўсиқларни камайтириш муҳим аҳамиятга эга.

Айрим давлатларда исломий молия инструментларидан фойдаланиш аҳолининг молиявий хизматларга бўлган ишончини оширишга хизмат қилмоқда. Малайзия, Индонезия ва Бирлашган Араб Амирликлари тажрибаси фоизга асосланмаган молиялаштириш шакллари — муробаҳа, ижара ва мушораканинг аҳоли учун нисбатан мақбул эканини кўрсатади. Ўзбекистон шароитида ҳам исломий молия институтларини ривожлантириш кредит хизматларини диверсификация қилиш имконини беради.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда кредит тизимини аҳоли учун янада қулай қилишда хорижий тажрибадан қуйидаги йўналишларда фойдаланиш мумкин: шаффоф кредит баҳолаш тизимларини жорий этиш, инфляцияни пасайтиришга қаратилган барқарор макроиқтисодий сиёсат олиб бориш, истеъмолчилар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш, рақамли банкчиликни ривожлантириш ҳамда исломий молия инструментларини жорий этиш. Бу чора-тадбирлар кредит хизматларининг барқарор ва ижтимоий жиҳатдан масъул бўлишини таъминлайди.

—Ўзбекистон кредит бозоридаги ҳозирги вазият ва кредит сиёсатини қандай баҳолайсиз?

– Ўзбекистонда истеъмол кредитлари бозорининг сўнгги йилларда жадал суръатларда кенгайиб бораётгани молия тизимидаги муҳим тенденцияга айланди. Расмий маълумотларга кўра, 2023 йилда аҳолига ажратилган истеъмол кредитлари ҳажми 40,14 триллион сўмни ташкил этган бўлса, 2024 йилда ушбу кўрсаткич 18,54 триллион сўм даражасида қайд этилди. Бу кредит бозорида фаоллик юқори эканини, бир вақтнинг ўзида эса тартибга солиш ва эҳтиёткорлик сиёсати кучайтирилганини кўрсатади.

Амалда маош олиб ишлайдиган аҳолининг катта қисми кредит мажбуриятларига эга. Банклар учун иш ҳақи карта орқали олинадиган мижозлар энг жозибадор сегмент ҳисобланади, чунки ойлик тўловларни автоматик ушлаб қолиш механизми қарз қайтмаслиги хавфини камайтиради. Шу боис истеъмол кредитларининг асосий қисми айнан шу тоифага тўғри келмоқда.

Бироқ ушбу жараённи фақат ижобий баҳолаш тўғри эмас. Биринчидан, истеъмол кредитлари ўсиши аҳолининг реал даромадлари ўсишидан устун келса, ортиқча қарзланиш хавфи юзага келади. Даромаднинг катта қисми кредит тўловларига йўналтирилиши молиявий эркинликни чеклаб, умумий барқарорликка салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Иккинчидан, кредит бозорида фоиз ставкалари ҳали ҳам юқори даражада сақланиб қолмоқда. Натижада истеъмол кредитлари қисқа муддатда турмуш даражасини қўллаб-қувватлаётгандек туюлса-да, узоқ муддатда “келажак даромадларини олдиндан сарфлаш” механизмига айланиб қолиш хавфини кучайтиради.

Учинчидан, амалдаги кредит сиёсати асосан истеъмолни рағбатлантиришга қаратилган бўлиб, инвестиция ва ишлаб чиқаришни молиялаштириш иккинчи даражада қолмоқда. Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, истеъмол кредитлари улушининг ҳаддан ташқари ошиши иқтисодий ўсишни реал қиймат яратиш эмас, сунъий талаб ҳисобига таъминлайди.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистондаги ҳозирги кредит сиёсатини эҳтиёткор, бироқ қайта мувозанат талаб этувчи деб баҳолаш мумкин. Кредитлашни янада масъулиятли қилиш, қарз юкини баҳолаш механизмларини кучайтириш, молиявий саводхонликни ошириш ва кредитларни реал даромадлар ўсиши билан уйғунлаштириш зарур.

Аччиқ бўлса-да, тан олиш керак: кредит ажратишда кафил талаб қилиниши банк ва мижоз ўртасида тўлиқ институционал ишонч шаклланмаганини кўрсатади. Замонавий шароитда эса фуқаронинг рақамли “молиявий паспорти” асосида тўлов қобилиятини баҳолаш имкони мавжуд. Бундай тизим фуқаронинг даромадлари, кредит тарихи, солиқ ва коммунал тўловлар интизоми каби маълумотларни қамраб олади ва кафилсиз, объектив баҳолаш имконини беради.

Ривожланган мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, рақамли баҳолаш тизимлари ривожланган сари кафил институти аста-секин ўз аҳамиятини йўқотмоқда. Ўзбекистон шароитида ҳам давлат идоралари ва молия институтлари ўртасида маълумотлар интеграцияси таъминланса, бундай ёндашувни жорий этиш мумкин. Бу банклар учун рискларни аниқ бошқариш, фуқаролар учун эса кредитга киришни соддалаштириш ва молиявий қадр-қимматни сақлаш имконини беради.

— Дунё мамлакатларида кредит фоизлари қанча?

 2024-25-йилларда кредитлар бўйича ўртача фоиз ставкалари қуйидагича эди: Швейцария – 2,86 фоиз, Исроил – 2,96фоиз, АҚШ – 3,28 фоизни ташкил этмоқда.

Trading Economics маълумотларига кўра, Перу дунёдаги энг арзон кредитларни атиги 0,8 фоиз билан таклиф қилади. Японияда бу ставка 1,7 фоиз, Данияда эса 3,25 фоизни ташкил қилади. Таққослаш учун, Перуда қарз олиш Ўзбекистонга қараганда 30 баравар арзон.

Шаҳноза Маматуропова,

Дониёр Якубов (видео), ЎзА