Янги Ўзбекистон ахборот ҳамкорларимиз саҳифаларида

25

Дунёдаги жадал ўзгаришлар шароитида турли мамлакатлар ва минтақаларда юз бераётган жараёнларни холис ҳамда ўз вақтида ёритиш алоҳида аҳамиятга эга. ОАВ нафақат янгиликлар манбаи, балки давлатлардаги ислоҳотлар, ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар ва олиб борилаётган ташқи сиёсатни акс эттирган ҳолда, халқаро жамоатчилик фикрини шакллантирувчи муҳим восита ҳам ҳисобланади.

Шу боис, ЎзАнинг хорижий ҳамкорлари саҳифаларида эълон қилинаётган Янги Ўзбекистондаги ўзгаришлар, фикрлар ва кузатувлар ўз ифодасини топган мақолалар алоҳида қизиқиш уйғотади. Бу материаллар таҳлили халқаро ҳамжамиятнинг мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, юртимиздаги очиқлик сиёсати ҳамда давлатимизнинг ташқи дунё билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини қай тарзда қабул қилаётганини ўрганиш имконини беради.

Anadolu (Туркия)

Туркиянинг «Dorçe Prefabrik Yapı ve İnşaat» компанияси 6 та қитъадаги 64 та мамлакатда лойиҳаларни амалга оширди

Туркиянинг «Dorçe» компанияси глобал лойиҳалари кўламини кенгайтирмоқда. «Anadolu» ахборот агентлиги хабар беришича, мазкур компания йиғма пўлат конструкциялардан фойдаланиб, дунёнинг 64 та мамлакатида қурилиш лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этди. Компания директорлар кенгаши раиси Сюҳейла Чеби Караханнинг айтишича, корхона 1989 йилда Анқара вилоятида пўлат профиллар ишлаб чиқариш мақсадида ташкил этилган. 1994 йилга келиб компания модулли конструкциялар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди ва 1996 йилда илк экспортини айнан Ўзбекистонга амалга оширди.

Бугунги кунда «Dorçe» компанияси лойиҳалашдан тортиб монтаж қилишгача бўлган жараённи қамраб олган EPC модели асосида ишлаб, ўн йилдан буён «Engineering News-Record» (ENR) халқаро нашри рейтингидан ўрин эгаллаб келмоқда.

Синьхуа (Хитой)

Хитой ва Ўзбекистон чўлланишга қарши курашда ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

Хитой ва Ўзбекистон чўлланишнинг олдини олиш ва табиатдан оқилона фойдаланиш бўйича ўзаро ҳамкорликни кенгайтирмоқда. Бу масалалар «Хитой (Нинся) – Ўзбекистон» видеоанжуманининг асосий мавзусига айланди. Конференцияда икки мамлакат вакиллари амалий тажриба алмашиб, қўшма лойиҳалар истиқболларини муҳокама қилди. Тадбир икки давлат элчихоналари ва тегишли идоралари иштирокида ташкил этилди. Унда мамлакатларимиз қурғоқчилик, сув ресурслари тақчиллиги ва тупроқ деградацияси каби муаммоларга дуч келаётгани қайд этилди.

Мулоқот чоғида 2025 йилда Хитой ва Марказий Осиё мамлакатларининг чўлланишга қарши курашиш бўйича ҳамкорлик маркази ташкил этилгани эслатиб ўтилди. Мазкур марказ фаолияти технологиялар, илмий тадқиқотлар алмашинуви ва мутахассислар тайёрлашга хизмат қилиши кутилмоқда. Анжуманда Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчиси Фарҳод Арзиев иштирок этди. Элчи Хитой Миллий табиат қўриқхонасида бўлиб, экотизимларни тиклаш ва қумни барқарорлаштириш бўйича Хитой усуллари билан танишди.

ТАСС (Россия)

Ўзбекистонда «Росатом» ҳамкорлигида ядро тиббиётини ривожлантириш бўйича қўшма лойиҳа ишга туширилди

Ўзбекистонда «Росатом» давлат корпорацияси билан ҳамкорликда ядро тиббиётини ривожлантириш бўйича лойиҳа ишга туширилди. «Ўзатом» агентлиги маълумотларига кўра, томонлар «йўл харитаси» ва стратегияни тайёрлашга келишиб олди. Ҳужжатда технологияларни етказиб бериш, мутахассислар тайёрлаш, ташхис қўйиш имкониятларини кенгайтириш ва онкологик касалликларни даволаш кўзда тутилган. Лойиҳа замонавий инфратузилмани шакллантиришни ўз ичига олади. Унинг доирасида Тошкентда, шунингдек, юқори технологияли ускуналар билан жиҳозланган Ядро тиббиёти маркази ишга туширилиши режалаштирилмоқда.

Kazinform (Қозоғистон)

Ўзбекистонда туғилиш даражаси 2020 йилдан буён илк маротаба 900 мингдан камайди

«Kazinform» ахборот агентлиги хабар беришича, Ўзбекистонда аҳоли ўсиши секинлашгани қайд этилмоқда. 2025 йилда мамлакатда туғилишлар сони 2020 йилдан бери илк бор 900 мингдан паст бўлган. 2026 йил 1 январь ҳолатига кўра, республиканинг доимий аҳолиси сони бир йилда 1,8 фоизга ўсиб, 38,2 млн кишини ташкил этган. Хориждан мамлакатга 1 159 нафар киши кўчиб келган бўлса, 10 117 нафар киши четга чиқиб кетгани қайд этилган. Ўтган йил мобайнида 267,1 минг никоҳ ва 46,9 минг ажрим қайд этилган.

Азиза Алимова тайёрлади, ЎзА