АҚШ – Эрон: Музокаранинг иккинчи босқичи бугун бўлиб ўтади

13

Швейцариянинг Женева шаҳрида АҚШ ва Эрон ўртасидаги ядровий музокаранинг иккинчи босқичи бугунга белгиланган. Вазиятдан хабардор уч манба Американинг “Axios” ахборот платформасига берган интервьюсида делегацияларнинг билвосита музокараси иккинчи давраси “17февраль, сешанба куни Женевада ўтказилиши режалаштирилгани”ҳақида хабар берган.

Америка делегацияси таркибига Президент Дональд Трампнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф ва унинг куёви Жаред Кушнер киради.

Эрон делегациясига ташқи ишлар вазири Аббос Арағчий бошчилик қилиши кутиляпти. Ўмон ташқи ишлар вазири Бадир бин Ҳамад Ал-Бусаидий воситачи вазифасини бажаради.

Музокаранинг биринчи давраси якуни бўйича АҚШ ва Эроннинг ўзаро баёнотлари эълон қилинган.

Маълумотга кўра, Уиткофф ўтган ҳафта бошида Ўмон ТИВ раҳбари билан телефон орқали гаплашган ва Вашингтоннинг ядровий музокарага оид баёнотидан воқиф этган. Бусаидий маълумотни Масқатга келган Эрон Олий Миллий хавфсизлик кенгаши Бош котиби Али Ларижонийга етказган.

Эрон давлат телевидениесига берган интервьюсида Ларижоний АҚШдан музокара бўйича хабар олганини тасдиқлади. Оммавий ахборот воситалари хабар беришича, у Масқатга ташрифи чоғида Бусаидийга Теҳрон ҳукумати муносабатини етказган.

Келишувга эришиш учун музокара давом эттирилаётганини билдирган Трамп шундай деган:

– Агар келишувга эриша олмасак, иккинчи босқичга ўтамиз. Кейинги жараён эронликлар учун жуда қийин кечади. Мен буни истамайман.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил июнь ойида Исроил ва АҚШнинг Эронга ҳужуми ортидан тўхтаб қолган ядро дастури бўйича учрашувлар 6 февраль куни Ўмонда давом эттирилди.

Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Исмоил Бекаий қуйидаги фикрни билдирган:

– Масқатдаги учрашув ҳар икки томон музокарани давом эттиришга тайёрлиги ҳақидаги келишув билан якунланди.

Дарвоқе, бу галги мулоқот Теҳрон ва Вашингтон зиддияти жуда кучайган, АҚШ минтақадаги ҳарбий иштирокини кучайтираётган бир пайтга тўғри келган.

Гўзал Сатторова, ЎзА