Фейк хабарлар: уларни қандай аниқлаш мумкин?

3

 

Бугунги кунда ахборот технологияларининг жадал ривожланиши натижасида хабарлар тезкорлик билан тарқалмоқда. Интернет сайтлари, ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар орқали тарқалаётган маълумотлар орасида ишончлилари билан бирга ёлғон, текширилмаган хабарлар ҳам кўпайиб бормоқда. Бундай ахборотлар фейк хабарлар деб аталади. Фейк хабарлар жамият фикрини чалғитиши, одамлар орасида ваҳима уйғотиши ва нотўғри қарорлар қабул қилишига сабаб бўлади.

Фейк хабарлар нима учун яратилади?

Фейк хабарларнинг пайдо бўлишига бир нечта сабаблар бор. Баъзан улар сиёсий мақсадларда, жамоатчилик фикрига таъсир ўтказиш учун яратилади. Айрим ҳолларда эса машҳурлик, кўпроқ кўришлар (лайк ва репостлар), муайян шахс ва ташкилот обрўсига путур етказиш ёки молиявий фойда орттириш мақсадида тарқатилади. Шунингдек, баъзи фейк хабарлар одамларнинг ҳиссиётларига таъсир қилиш — қўрқув, ғазаб ёки ачиниш уйғотиш учун ҳам яратилади.

Фейк хабарлардан қандай ҳимояланиш мумкин?

Фейк хабарларга алданмаслик учун оддий, аммо самарали қоидаларга амал қилиш муҳим. Аввало, хабар манбасига эътибор бериш керак, яъни у қайси сайт ёки канал томонидан тарқатилганини текшириш лозим. Расмий оммавий ахборот воситалари ёки ахборот агентликларида ушбу маълумот мавжудми ёки йўқлигини солиштириб кўриш шунингдек, хабарни бир нечта ишончли манба орқали текшириш муҳим аҳамиятга эга, чунки ҳақиқий ахборот одатда турли манбаларда учрайди. Бундан ташқари, хабар санаси ва унинг контекстига ҳам эътибор қаратиш зарур, чунки айрим ҳолларда эски маълумотлар қайта тарқатилиб, ҳозирги воқеа сифатида тақдим этилади. Расм ва видеоларга нисбатан эса танқидий ёндашиш лозим, чунки улар сунъий интеллект ёрдамида таҳрирланган ёки бошқа воқеаларга тегишли бўлиши мумкин. Энг муҳими, ҳар қандай хабарни дарҳол улашишга шошилмасдан, унинг ишончлилигига тўлиқ амин бўлиш талаб этилади.

Хулоса қилиб айтганда, фейк хабарлар замонавий ахборот маконининг жиддий муаммоларидан биридир. Уларга қарши курашишнинг энг самарали йўли — медиа саводхонликни ошириш, танқидий фикрлаш ва текширилмаган маълумотларни тарқатмасликдир. Ҳар бир инсон ҳақиқатни ёлғондан ажрата олган вақтдагина соғлом ахборот муҳитини яратиш мумкин.

Шоира Хайтбаева,

Бердақ номидаги ҚДУ Қорақалпоқ филологияси ва журналистика факультети талабаси.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги