Болаларга чой бериш мумкин эмас

9

Чой бизнинг энг севимли ичимликларимиздан бири. Аммо кичик болалар, айниқса 3 ёшгача бўлганлар учун оддий қора ёки кўк чой бериш бола саломатлиги учун хавф бўлиши мумкин. Бу нафақат Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ), балки халқаро педиатрия ташкилотлари (жумладан, Америка педиатрия академияси – АПА) томонидан тасдиқланган илмий тавсияларга асосланади.

Чунки чой таркибидаги танинлар (полифеноллар) озиқ-овқатдаги темир билан боғланиб, унинг ичакда сўрилишини 50-90% гача камайтиради ва темир танқислиги яъни камқонликни келтириб чиқаради.

Болаларда темир танқислиги анемияси энг кенг тарқалган муаммо – бу ўсиш, ақлий ривожланиш ва иммунитетга салбий таъсир кўрсатади.

Масалан, тадқиқотларда овқат билан бирга чой ичилганда темир ҳазм бўлиши кескин камайиши исботланган.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсиясида ҳам: «Болага чой бериш мақсадга мувофиқ эмас, чунки у темир элементининг сўрилишини камайтиради,» деб келтирилади.

Чой таркибидаги кофеин боланинг асаб тизимига зарар етказади. Натижада болада тез чарчаш, ланжлик, уйқунинг бузилиши кузатилиши мумкин.

Оддий бир стакан (200 мл) қора чойда тахминан 40-70 мг кофеин бўлади.

12 ёшгача бўлган болаларга умуман кофеинли ичимликлар (чой, кофе, энергетик ичимликлар) тавсия этилмайди. 3 ёшгача эса бутунлай чекланади.

Сабаби: кофеин уйқуни бузади, асаб тизимига салбий таъсир кўрсатади, юрак уришини тезлаштиради, тез-тез бош оғриғида келтириб чиқариши мумкин. Айниқса, болалар кофеинга катталарга қараганда анча сезгир бўлади.

3 ёшгача бўлган болаларда меъда шираси ва ферментлар етарли эмас. Чойдаги моддалар ошқозон шиллиқ қаватини безовта қилиши, газ, ич қотиши ёки ич кетишига олиб келиши мумкин.

Шу сабабли ҳам мутахассислар 3 ёшгача бўлган болаларга умуман чой беришни тавсия этмайди. Унинг ўрнига қайнатилган сув, оддий сут ёки мева шарбати ва албатта она сути берилади.

Чой беришни қачон ва қандай бошлаш мумкин?

3 ёшдан кейин – оз миқдорда, жуда кучсиз дамланган, овқатдан 1 соат олдин ёки кейин, шакарсиз.

Аввал педиатр билан маслаҳатлашинг – агар темир етишмовчилиги ёки бошқа муаммо бўлса, узоқроқ чеклаш керак бўлади.

Альтернативалар: оддий сув, мевали компот (қандсиз), мойчечак ёки ялпиз дамламаси (фақат шифокор рухсати билан ва оз миқдорда).

3 ёшгача бўлган болаларга оддий чой бериш – бу оддий нарсадек туюлиши мумкин, лекин катта хавф. Темир танқислиги ва асаб тизимига таъсири узоқ муддатли муаммоларга олиб келиши мумкин. Шу сабабли 3 ёшгача бўлган болаларнинг рационига масъулият билан қараган маъқул.

Бийбисанем Жолдасбаева,

Бердақ номидаги ҚҚДУнинг 2-курс магистранти.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги